“Яшил” иқтисодиёт: илмий-инновацион ёндашувлар мутахассислар муҳокамасида бўлди
Тошкент кимё-технология институтида “Барқарор ривожланиш ва "яшил" иқтисодиёт – 2026” халқаро илмий ҳафталиги ўтказилди. Мазкур ҳафталик экологик барқарорлик, “яшил” иқтисодиёт ва инновацион технологияларга бағишланган нуфузли мулоқот майдонига айланди.
Анжуманда Германия, Италия, Испания, Хитой, Малайзия, Қозоғистон каби қатор давлатлардан соҳа олимлари ва экспертлар иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан экологик иқтисодиёт, кам углеродли тараққиёт, чиқиндисиз технологиялар ва айланма иқтисодиёт бўйича илғор ғоялар илгари сурилди. Бу ташаббуслар нафақат халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки барқарор тараққиётга хизмат қиладиган амалий ечимларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш лозимки, бугун “Яшил” иқтисодиёт — табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфларни камайтириш ва иқтисодий ўсишни барқарор ривожлантиришга қаратилган замонавий иқтисодий модел сифатида долзарб аҳамиятга эга. Бу йўналишдаги илмий ва инновацион ёндашувлар энергия тежамкорлиги, қайта тикланувчи энергия, рақамли технологиялар ва экологик бошқарувни замин билан ҳамнафас равишда ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Шу маънода бугунги кунда “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги илмий тадқиқотлар қуёш, шамол, гидро ва биомасса энергиясидан самарали фойдаланиш каби масалаларга қаратилмоқда.

Ҳафталик доирасида мамлакатимизда айнан экология соҳасидаги илмий ёндашувлар ва инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада қатор ҳаётий лойиҳалар амалга оширилаётганига урғу қаратилди. Жумладан, саноат ва қишлоқ хўжалигида сув, электр энергияси ва хомашёни кам сарфлайдиган инновацион технологиялар жорий этилаётгани, томчилатиб суғориш, “ақлли” энергия тизимлари, чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари, энергия самарадор бинолар барпо қилинаётгани каби чора-тадбирлар эътироф этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси ҳамда партия фракцияси аъзолари ҳам иштирок этиб, тадбирда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорликка доимо тайёр эканини билдирди. Шунингдек, партия томонидан соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида маълумотлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА