Ярим йиллик фаолият сарҳисоби
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти муҳокамаси ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” журналининг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда институт ҳузурида ташкил этилган Илмий-эксперт кенгаши ва Ёш қонуншунослар клуби аъзолари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов институтнинг ҳисобот давридаги фаолияти якунлари ҳақида маъруза қилди.
— Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 48 та илмий хулоса тайёрланган, — деди Фозилжон Отахонов. — Олий Мажлис палаталарининг 7 та қарори лойиҳаси, 85 та ахборот-таҳлилий маълумот тайёрланган.
Шунингдек, ҳисобот даврида институтимиз “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 11 та бандини самарали бажаришда Олий Мажлис палаталарига яқиндан кўмак кўрсатди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ташаббусларини амалга ошириш бўйича мутасадди идоралар фаолиятига кўмаклашилди. Жорий йилда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш бўйича ҳам ташкилий жиҳатдан кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда.
Шунингдек, маърузада институт модераторлигидаги “Менинг фикрим” веб-порталининг фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида сўз олганлар мазкур институтнинг фаолияти, олиб бораётган саъй-ҳаракатлари хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев мазкур институт 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатасининг фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасида энг яқин кўмакчига айланганини таъкидлаб, Қонунчилик палатасига киритилган элликка яқин қонун лойиҳалари юзасидан институтнинг илмий хулосалари берилганини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Чўллиев ҳисобот даврида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Олий Мажлис палаталари, хусусан, Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлигини эътироф этди.
Айниқса, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 20 га яқин модел қонунлари лойиҳаларини ўрганишда ва амалдаги қонунларнинг таъсирини баҳолашда институт томонидан ўтказиладиган тадқиқотлар Сенат фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлади.
Матбуот анжуманида институт бўлим бошлиғи Акбаршоҳ Тешабоев институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашрининг биринчи ва иккинчи сонлари ҳақида тақдимот қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА