Япония делегацияси Бухородаги мактабда таълим жараёнини ўрганди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Дарс тадқиқоти (Lesson Study) асосида ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида кузатув тадқиқотлари ўтказилди.
Нагоя университети бошчилигидаги лойиҳа доирасида ташкил этилган тадқиқотларнинг асосий мақсади Ўзбекистон таълим тизимидаги мавжуд шароитни ўрганиш, маҳаллий тажриба билан танишиш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилашдан иборат.
Япония делегацияси мактабдаги таълим жараёни билан яқиндан танишиб, дарс машғулотларини кузатди. Ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқот, дарсларни ташкил этиш жараёни ҳамда таълим самарадорлигини оширишга қаратилган ёндашувлар ўрганилди.
[gallery-31662]
Ташрифда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази мутахассислари, Нагоя университети Таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш олий мактаби профессори, Халқаро дарс тадқиқоти маркази директори Муҳаммад Реза Саркар Арани бошчилигидаги япониялик олим ва мутахассислар, Нагоя ва Токаи Гакуен университетлари вакиллари, шунингдек, Ҳёго префектураси ижтимоий таълим муассасалари мутахассислари иштирок этди.
Мактаб педагоглари билан мулоқотда Lesson Study — дарсларни ҳамкорликда ўрганиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштиришга асосланган ёндашувни таълим амалиётига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда “Lesson Study орқали биргаликда ўрганиш ва болалар учун янада яхшироқ келажак яратиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва таълим амалиётига жорий этиш, педагогларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА