Япон рассоми Икуо Хираямага бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Икуо Хираяманинг “Буюк Ипак йўли бўйлаб” кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Икуо Хираяма (1930 йил 15 июнь — 2009 йил 2 декабрь) — машҳур япон рассоми, тадқиқотчи олим, жамоат арбоби ва Тошкент ҳамда Камакура шаҳарларининг фахрий фуқароси бўлган. У анъанавий япон тасвирий санъати бўлган ниҳонга (Nihonga) услубининг энг йирик вакилларидан бири бўлиб, ўз ижоди ҳамда илмий фаолиятини Буюк ипак йўли тарихи ва маданиятини ўрганишга бағишлаган.

Тадбирда қайд этилганидек, рассомнинг биринчи марта 1968 йилда Тошкент, Самарқанд, Бухоро билан танишуви унда катта таассурот қолдирган. Икуо Хираяма томонидан натурадан ишланган эскизлар, қораламалар, этюдлар қадимий Турон тарихи, сиймолари ва шахсларига бағишланган таъсирчан асарлар туркумига асос бўлди.

Унинг барча асарларида рассом ва олим нигоҳи мавжуд, нозик идрок этилган воқелик сезилади ва унга хос бўлган бадиий тафаккурнинг мажозийлиги ифодаланган. 2002 йил декабрь ойида у Ўзбекистонга олтинчи марта ташриф буюрди ҳамда муҳим воқеа: халқаро маърифий марказ вазифасини бажарадиган маданият карвон саройининг очилиш маросимида иштирок этди.

У XXI аср инсонийликнинг тикланиши, Ер юзидаги барча халқларнинг тенг ҳуқуқли мулоқоти белгиси остида ўтишига ишонган ва умид билан қараган. Рассом Ипак йўлининг қадимий анъаналарини қайта тиклаш, жумладан, халқлар ва уларнинг вакиллари ўртасида маънавий, илмий ва маданий мулоқотни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, уларни тараққиёт йўлида бирлаштириш зарурлигини ва бу ғояни амалга ошириш билан боғлиқ орзуси узоқ вақт давомида амалга ошмай қолганини бир неча бор айтган.

Икуо Хираяма ўз орзусини Тошкентда амалга оширди. Ўзбекистон Бадиий академияси қошида халқаро маърифий марказ сифатида маданият карвон саройининг иккита биносини қуришда ҳомийлик қилди.

Кўргазма экспозициясида Икуо Хираяманинг ниҳонга (япон рангтасвири) ва акварел техникаларида ишланган 50 дан ортиқ репродукцияси тақдим этилган.
Кўргазма жорий йил 16 августгача давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА