Янгиҳаёт тумани ҳокими: “Йўлдош” мавзесида пойтахтнинг яна бир дарахтзор боғи қад ростлайди
Мамлакатимизда экологик мувозанатни сақлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда аҳоли турмуш сифатини ошириш бўйича самарали ишлар ташкил этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимиз ҳудудларида дарахт ва буталар сонини ошириш, шаҳар ҳамда қишлоқлар экологик қиёфасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасидаги, жумладан, экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов билан суҳбатлашдик.

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси республика миқёсида бир неча йилдан буён амалга ошириб келинмоқда ва Янгиҳаёт тумани бу борада етакчи ҳудудлардан бири сифатида ажралиб туради, – дея фикрини бошлади туман ҳокими. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳудудида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 42 мингдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Умуман, сўнгги тўрт йилда ярим миллионга яқин манзарали ва мевали, шунингдек, бута ва атиргул кўчатлари “Яшил макон” платформасига киритилди. Бу рақамлар туманда яшил ҳудудлар барқарор ошиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Туманнинг марказий кўчаларидан ташқари, Ал-Фарғоний, Чорбоғ, Янги Дархон ва Янги Чоштепа маҳаллаларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган бўш ер майдонлари босқичма-босқич кўкаламзорлаштирилиб, замонавий яшил ҳудудлар ҳамда жамоат боғларига айлантирилди.
Яна бир муҳим жиҳат, турли ташкилотлар ташаббуси билан туман ҳудудида боғ-парклар барпо этиш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Хусусан, Орият маҳалласида “Экология боғи”, “Чароғон” “Прокуратура боғи”, Чортоқ маҳалласида ҳокимлик боғи, Янги Дархон маҳалласида “Адлия” боғи ҳамда ички ишлар органларига қарашли боғлар ташкил этилди.
Аҳоли яшаш ҳудудларида яшил макон улушини ошириш ва табиий муҳитни сақлаш мақсадида, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос ўсимлик турларини танлаш концепцияси ишлаб чиқилди. Манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Масалан, “Қўрғонтепа” кўчасида павлония дарахтлари экилиб, кўчанинг экологик қиёфаси янада яшил ранглар билан бойитилди. “Лутфкор” кўчасида лола дарахти, “Меҳригиё” кўчасида каштан, “Мирзо Турсунзода” кўчасида эса эман дарахтлари ўзига хос ландшафт уйғунлигини яратди. Шунингдек, “Шокирариқ” кўчасида ясин, “Қўрғонтепа” 1-тор кўчасида сафора, Тошкент айланма йўлида эса қайрағоч кўчатлари экилди.
Қипчоқ кўчасида эса яшил ҳудудга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, чинор дарахтлари ва турли буталар уйғун ҳолда экилиб, ҳудуднинг экологик мувозанати ва эстетик кўриниши янада яхшиланди.
Бундан ташқари, Қипчоқ ер усти метро бекатидан Қипчоқ кўпригигача бўлган масофада олхўри ва қирим қарағайи кўчатлари экилди. Бу ёзнинг жазирама иссиғида ҳам яшил муҳитни сақлашга хизмат қилмоқда.

Халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани Кенгашининг қарори асосида Янги Чоштепа маҳалласида ўтган йили ноябрь ойида иссиқхона ташкил этилиб, у ерда иқлим шароитига мос манзарали бута кўчатларини ўзимиз тайёрлаяпмиз.
– Фармонда кўзда тутилган яшиллик майдонларини кенгайтириш баробарида, мавжудларини асраб қолишга қандай ёндашилмоқда?
–Бугун кўпчиликни туманимизнинг “Йўлдош” мавзесидаги 400 дан зиёд ёғоч уйлар бузилгач, ўрни нима бўлади?” деган савол қизиқтириши табиий. Айтиш мумкинки, бу ерда бетон бинолар эмас, балки пойтахтнинг яна бир дарахтзор боғи қад ростлайди.
Маълумки, туманимизнинг бу ҳудуди ўзининг 60 йиллик ноёб дарахтлари билан машҳур. Бу ерда 50 мингдан зиёд тирик бойлик – салкам асрлик чинорлар, арчалар ва манзарали дарахтлар мавжуд. Бизнинг асосий мақсадимиз, фармонда кўзда тутилган яшиллик майдонларини кенгайтириш баробарида, мавжудларини асраб қолишдир.
Шу мақсадда бу ердаги 80 гектар майдонда уй-жой қуриш ғоясидан бутунлай воз кечилди. Чунки пойдевор учун ер ковлаш дарахт илдизига болта уришга сабаб бўлади. Дарахт қуриса, у ердаги ҳаёт файзи йўқолади. Бу ерда одамлар 60 йиллик дарахтлар соясида нафас оладиган, табиат билан юзма-юз келадиган сокин маскан ташкил этишни режалаштирганмиз.
Янгиҳаётдаги ушбу янги дендропаркдаги дарахтлар ўзининг ёши, қалин сояси ва бетакрор манзараси билан ажралиб туради. Шу билан бирга, туманимизнинг Чортоқ маҳалласидаги 12 гектар ҳудудда жамоат парки ташкил этилади.
– Туманда янги яшил маконларни ташкил этишда “ақлли” суғориш тизимларидан қандай фойдаланилмоқда?
– Бу борада аниқ ва самарали ишларимиз мавжуд. Бугунги кунда иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув тежамкор ва кам харжли ечимлар татбиқ этилмоқда.
Масалан, туманда марказий кўчалар ва боғларда экилган дарахт ниҳолларини жазирама иссиқ об-ҳаводан сақлаш ва уларни барқарор суғориш мақсадида 16 та 3 куб сиғимли полиэтилен бочкалар ёрдамида томчилаб суғориш тизими ташкил қилинди. Натижада, 4 мингдан зиёд манзарали дарахт ва бута кўчатлари суғорилмоқда.
Шунингдек, ҳали суғориш тизимлари ўрнатилмаган жойларда ҳам дарахтлар алоҳида махсус идишлар орқали томчилаб суғорилмоқда.
– Ҳудуддаги саноат корхоналарининг экологик вазиятга таъсирини камайтириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
– Янгиҳаёт туманининг катта қисми саноат корхоналари ҳудудига тўғри келади. Шу билан бирга, туманимизда кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, экологияни саноат ва қурилиш чиқиндилардан асраш заруратини юзага келтиради.
Айни жиҳатни ҳисобга олган ҳолда, ўтган йили ноябрь-декабрь ойларида тумандаги йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. Тез кунда 10 дан ортиқ корхонада автоматик мониторинг станциялари ишга туширилади.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда юк ташувчи махсус техникаларда ҳаракатланиш вақтларида ташиш қоидаларига риоя этиш ҳолатлари доимий назорат қилинмоқда.
Режаларимизга кўра, келгуси беш йилда туманда экотуризм учун инфратузилма яратилади. Бунинг ҳисобига тематик кўчалар, сояли сайилгоҳлар, жамоат парклари, фавворалар қурилиб, аҳоли ва ташриф буюрувчиларга қулай муҳит шаклланади.
ЎзА мухбири
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА
суҳбатлашди.