Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз
2020 йил Ўзбекистон темирйўлчилари учун кўплаб бунёдкорликларга бой йил сифатида тарихга муҳрланмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинди.
Бугун мамлакатимиз темирйўлчилари ушбу санани тўртинчи марта расмий тарзда нишонламоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. Х.Ҳосилов буйруғи билан 36 нафар соҳада узоқ йил давомида самарали меҳнат қилган касб эгалари “Фахрий темирйўлчи” белгиси билан, 450 нафари фахрий ёрлиқ ҳамда 225 таси қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари Республика Кенгаши томонидан касб байрами муносабати билан 150 нафардан ортиқ энг илғор темирйўлчилар қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди. Бошқарув раиси буйруғига кўра бошқармаларда, тармоқ корхоналарида комиссиялар тузилиб, байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти номидан фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға ҳамда бошқа мукофотларни топшириш тадбирлари санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилди.
Бугун Ўзбекистон катта бунёдкорлик, қурилиш майдонига айланган, дейишимиз мумкин. Шаҳару қишлоқлар, маҳаллалар обод бўлиб, юртимиз мутлақо ўзгача қиёфага кириб бормоқда. Ҳар соҳада тубдан ўзгариш, янгиланишлар рўй бермоқда. Бу ишларда мамлакатимиз транспорт тизими ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги эса бу соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир темирйўлчининг қалбини ғурурга тўлдиради.

2020 йил Ўзбекистон темирйўлчилари учун кўплаб бунёдкорликларга бой йил сифатида тарихга муҳрланмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорликларга эътибор қаратадиган бўлсак, темирйўлчилар Тошкент метрополитенининг ер усти Дўстлик-2 – Қўйлиқ йўналишида жами 11 километрлик янги йўллар ва 7 та бекат барпо этилиб, қурилиш ишларининг 1-босқичи тўлиқ якунига етди. Ер ости метросининг Юнусобод йўналиши 2-босқичида умумий узунлиги 2,9 километр ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатларида ҳам барча қурилиш ишлари тугатилиб, янги бекатлар барпо этилди. Айни пайтда эса қарийб 7 километрлик ер усти Сергели йўналишида “Чош-тепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб”, “Қипчоқ” бекатлари қурилиб, рельсларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Пойтахтимиз Тошкентда яна бир мега лойиҳа – илк бор уч поғонали транспорт ечими жамиятнинг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси жамоаси томонидан қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Айни пайтда эса кўприксозлар томонидан Сергели тумани Қипчоқ кўчасидаги Тошкент – Ангрен темир йўли устидан яна бир йўл ўтказгич қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Бу улуғвор бунёдкорлик ишларида соҳа ходимлари фидойилик билан меҳнат қилаётгани сифат ва самарадорликка эришиб, муваффақиятнинг бош омили бўлмоқда. Наманган шаҳрида янги бунёд этилган Наманган темир йўл вокзали ҳам шаҳар аҳолисига катта совға бўлди. Ушбу замонавий вокзал қадим шаҳарнинг бош дарвозасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида темирйўлчилар томонидан барпо этилаётган янги аэропорт қурилиши ҳам ниҳоясига етаётир.
Тўғри 2020 йил нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё давлатлари учун оғир синовли дамлар билан ўтаётир. Дунё мамлакатларини эсанкиратиб қўяётган коронавирус пандемияси жаҳоннинг барча мамлакатларига кириб бориб, ижтимоий, иқтисодий талофат етказмоқда. Афсуски Ўзбекистонга ҳам ушбу вабо март ойида кириб келди. Халқимиз саломатлигини сақлаш мақсадида карантин чоралари жорий этилди. Бу эса ўз-ўзидан темир йўл тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Кўплаб тармоқ корхоналарида ишчи-ходимлар масофадан ишлашга ўтди. Гарчи темир йўл транспорти орқали йўловчи ташиш вақтинча тўхтатилган бўлсада, маҳаллий ва халқаро йўналишларда юк ташиш ҳажми ортиб, қўшимча имтиёзлар берилди. Айниқса, мамлакатимиз ҳудудига маҳаллий йўналишлар бўйича аҳоли учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини юк вагонларида етказиб беришга катта аҳамият қаратилмоқда. Республикамиз ҳудудига кириб келаётган барча юк вагонлари, транзит поездлар барча чегара ҳудудларида, ҳар бир станцияларда қатъий талаблар асосида дезинфекция қилинмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда ишчи-ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бош мақсадга айланган. Айни кунларда тизимдаги барча ишлаб чиқариш объектларида дезинфекция ишлари кунлик олиб борилмоқда. Хусусан, тармоқнинг барча бошқармалари ва корхоналари ҳудудига кириб-чиқиш пунктларида тепловизорлар билан таъминланган постлар фаолияти йўлга қўйилган. Ишчи-ходимлар учун тиббий ниқоблар, ҳимоя қўлқоплари ҳамда антисептик воситалар тарқатилди. Ходимлар объектларга белгиланган тартибдаги тиббий кўрикдан сўнг киритилмоқда. Муассаса ва станциялардаги ходимларга коронавирус тарқалишининг олдини олиш тўғрисида темир йўл тиббиёт бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Бундан ташқари, корхона ва ташкилотларнинг барчасида тезкор штаблар ташкил этилган бўлиб, куну тун навбатчилик ташкил этилган ва тегишли йўриқномаларга асосан ишлар олиб борилмоқда. Кунлик ишга келувчи ишчи-ходимларнинг соғлиги назоратга олинган. Ҳар бир штабда махсус изолятор хоналари ташкил этилган ва керакли жиҳозлар билан таъминланган. Карантин пайтида хизмат кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ишга жалб қилинган ходимларнинг доимий равишда ҳимоя ниқобида бўлишлари, гигиена талабларига амал қилишларига жиддий эътибор берилмоқда. Ишчиларнинг ишга келиб кетишини таъминлаш мақсадида хизмат машиналари, автобуслар ажратилган. Ушбу талаблар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг барча тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг узлуксиз фаолият кўрсатишига муҳим асос бўлмоқда.
Эътироф этиш лозимки, ушбу касалликка қарши курашда темирйўлчилар ҳам том маънода матонат кўрсатмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “COVID-19” га қарши курашда“Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фондига 1 миллиард сўм маблағ ўтказилди. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам темирйўлчилар томонидан бунёд этилган шифохона қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Қўшни давлатлар билан карантин туфайли чегаралар ёпилган бўлсада, таранспорт коммуникацияларида, транзит юк маҳсулотларини ўтказишда натижалар янада яхшиланиб бормоқда. Буни жорий йилнинг 25 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида таъкидлаганидек, темир йўл транспортида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар соҳа ходимлари олдига янада масъулиятли топшириқларни қўйди.
Йиғилишда пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайгани, хусусан, халқаро юк ташувларида темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошгани, бу хизматлар сифатини яхшилаш ва таннархни тушириш орқали мижозларни кўпайтириш учун яхши имконият эканлиги айтиб ўтилган эди. Ўтган вақт давомида соҳада олиб борилаётган истиқболли жараёнлар транспортда асосий даромад юк ташиш ва транзит имкониятларига боғлиқлиги учун маҳаллий ва экспорт ҳамда импорт юкларни манзилга етказиш, айниқса, юртимиз ҳудудидан транзит поездлар қатнови сонини оширишда белгиланган тарифлар нархини пасайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Бунинг учун эса юк поездларини манзилга етказишда замонавий ва сифатли локомотивлар жуда зарур. Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги участка йўлларида юк ва йўловчи поездларига Россия Федерацияси ҳамда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган замонавий электровозлардан фойдаланилмоқда.Уларнинг сони йил сайин ошмоқда.
Хусусан, 2018 йилда Россия Федерациясидан келтирилган 2-та 3ЭС5К русумли уч кузовлик янги электровозлар ишга тушди. Ушбу электровозлар 1520 мм колеяли темир йўлларида юк поездларини ташишга, бир фазали ўзгарувчан электр токи орқали, 50 Гц номинал частота билан, номинал 25000 В кучланиш орқали ишлашга мўлжалланган.
Осиё Тараққиёт банкининг маблағларини жалб қилиш дастурига асосан 2020-2022 йилларда “24 та локомотив сотиб олиш йўли билан локомотив паркини янгилаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра СNTIC-CRR-DRLOCO (Хитой) консорциуми билан 24 та электровозни сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган. Шунингдек, Россия Федерациясининг ”Новочеркаск” локомотив қуриш заводидан 5 та юк электровозларини харид қилиш режалаштирилган. Яқинда ушбу замонавий электровозларнинг иккитаси юртимизга келтирилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти қўшни давлатлар билан темир йўл орқали юк ташиш, транзит поездларини ўтказиш борасида кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини йил сайин ривожлантиришга катта аҳамият қаратмоқда. Бунинг натижасида эса халқаро юк ташиш йўналишлари (коридор) бўйича самарали ишлар ташкил қилинди. Бугун 13 та йўналиш (коридор) бўйича юк ташувлар доимий равишда амалга оширилмоқда. Хорижий мамлакатларнинг 19 та портига юкларни етказиб бериш ишлари давом этмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, юк ва йўловчи ташиш соҳасининг энг муҳим бўғини бўлган темир йўл транспорти тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, халқаро ҳамкорликларнинг тобора ривожланиб бориши, локомотив ва вагон паркининг янгиланиши учун ташланаётган илдам қадамлар, жалб қилинаётган инвестиция маблағлари келгусида ҳам ушбу соҳани нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда энг муҳим стратегик аҳамиятга эга транспорт тизими сифатида етакчилик қилишига замин яратади.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томирига айланган темир йўл тизимида фаолият кўрсатаётган касб ходимларининг меҳнати, амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлари ва шаҳарларимизни янада кўркам, обод бўлишида қўшаётган ҳиссалари эътироф этиладиган кун – касб байрамингиз муборак бўлсин, азиз темирйўлчилар.