Янги йилга – янги спектакль билан
Наманган вилояти мусиқали драма театри жамоаси янги йил байрами муносабати билан ўз репертуарини яна бир янги асар билан бойитди. Театр ижодкорлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Алвидо болалик” қиссаси асосида драматург Ҳайитмат Расул қайта ишлаган “Алвидо болалик” спектаклининг премьерасини томошабинлар эътиборига ҳавола қилди.
Болалик бу умримизнинг баҳори, орзу-умидларимиз билан улғаядиган энг жўшқин ва ҳароратли дамлар. Бу даврда ёшлар ўз яқинларининг эътиборига эҳтиёж сезади. Бундай фурсатларда уларга нисбатан бирозгина аҳамият қаратилса, нур устига нур бўлади. Бир зумгина бепарволик қилинса, асар қаҳрамонлари ҳаёти каби нохуш ҳолатларга олиб келади.

Янги спектаклда ёшлар тақдири ва уларнинг балоғат ёшида билиб-билмай йўл қўйган хатолари оқибатида, олтинга тенг умрини хазон қилгани бадиий тарзда ифода қилинган. Иқтидорли режиссёр Ғиёсиддин Мирзамаҳмудов томонидан саҳналаштирилган ушбу асар рассомлар Асима Неъматова ва Маҳмуджон Йўлдошев меҳнати натижасида янада таъсирчанлик касб этган бўлса, мусиқа раҳбари Бурҳонжон Парпиев истеъдоди орқали гўзал куй-оҳангларга бойитилган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Азиза Каримова, Меҳри Абдуллаева, “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилфуза Қодирова, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиблари Маъруфжон Ниёзов, Авазбек Қодиров, Мирмамут Мусабоев, Баҳодир Жўраев, Аброр Муҳиддинов, Нуриддин Исмоилов каби истеъдодли актёр ва актрисалар ролларини қойилмақом ижро этганликлари боис спектакль тақдимотида мухлислар олқиши узоқ давом этди.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоаси жорий йилда Озарбайжон, Туркманистон ва Жанубий Корея давлатларида гастрол сафарларда бўлиб, жаҳон миқёсида ўзбек миллий театр санъатини кенг тараннум этишга муносиб ҳисса қўшди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА