Янги Тошкент: илғор ечимлар – янги имкониятлар
Келажак шаҳарларининг муҳим жиҳатларидан бири барқарорлик ва илғор технологиялардан самарали фойдаланишдир. Янги Тошкент лойиҳаси доирасида айнан шу мақсад кўзланган ҳолда Дирекция томонидан махсус семинар-тренинг ташкил этилди. Унда халқаро ва маҳаллий экспертлар, етакчи муҳандислар, лойиҳа бошқарувчилари ҳамда қурилиш соҳасининг мутахассислари иштирок этди.
Тоза сув – яшил келажак. Семинарнинг биринчи қисми сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик тоза технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланди. Мутахассислар томонидан локал сув тозалаш тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу тизимлар биноларнинг ички сув оқаваларини тозалаб, яшил ҳудудларни суғориш учун қайта ишлаш имконини яратади. Бундай ёндашув сув сарфини сезиларли даражада камайтириб, экологик мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, қурилиш объектларида қуруқ трансформаторлардан фойдаланиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Муҳандислар ва экспертлар уларнинг техник хусусиятларини тушунтириб, қуруқ трансформаторларнинг одатий мойли трансформаторларга нисбатан қандай устунликларга эга эканини изоҳлаб берди. Асосий афзалликлар – хавфсизлик, кам техник хизмат кўрсатиш талаби ва атроф-муҳитга зарар етказмасликдан иборат.
Семинарда совитиш тизимлари ҳақида ҳам сўз борди. Янги Тошкентда қурилаётган бинолар учун Дирекция томонидан 55 Вт/кв.м иссиқлик энергияси етказиб берилиши режалаштирилган. Шу сабабли, биноларда ишлатиладиган совитиш тизимлари самарали ва тежамкор бўлиши лозим. Мутахассислар ушбу тизимларнинг буғ энергияси орқали ишлаши, анъанавий совиткичларга қараганда энергия тежамкорлиги ва экологик тозалиги билан ажралиб туришини таъкидлади.
Семинар иштирокчилари муҳокама қилинган мавзулар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, янги ечимларни таклиф қилди. Ҳар бир лойиҳа иштирокчиси замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ўз билим ва тажрибасини оширди.
Янги Тошкент Дирекцияси матбуот хизматининг таъкидлашича, келгусида ҳам шундай семинарлар мунтазам ўтказилиши режалаштирган бўлиб, ушбу тадбирлар шаҳарни барпо этишда инновацион ёндашув ва технологик тараққиётга туртки беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА