Янги тараққиёт сари дадил қадам
Бухоро вилояти тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва инвестиция салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат — “Бухоро вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур стратегия нафақат келгуси беш йиллик тараққиёт йўлини белгилайди, балки Бухорони Марказий Осиёнинг энг рақобатбардош, инновацион ва инвестициявий жозибадор ҳудудларидан бирига айлантиришни кўзда тутади.
[gallery-445666]
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров томонидан стратегиянинг асосий мақсад ва вазифалари юзасидан батафсил ахборот тақдим этилди.
Маълум қилинганидек, мазкур ҳужжат Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳудудий давоми бўлиб, Бухоро вилоятининг мавжуд имкониятлари, иқтисодий салоҳияти, демографик ўсиши, табиий ресурслари ва глобал ўзгаришлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Сўнгги йилларда Бухоро вилоятида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг мутлақо янги қиёфасини шакллантирди. Агар аввал ҳудуд асосан туризм билан танилган бўлса, бугунги кунда у саноат, хизматлар, инвестициялар ва тадбиркорлик жадал ривожланаётган иқтисодий марказга айланиб бормоқда.
2025 йил якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот 86,6 триллион сўмга етди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 41 миллион сўмдан ошди. Бироқ дунёдаги иқлим ўзгариши, сув танқислиги, технологик рақобат ва халқаро бозорлардаги ўзгаришлар Бухоро олдига янада улкан вазифаларни қўймоқда. Шу боис стратегия иқтисодиётни экстенсив эмас, балки юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион моделга ўтказишни асосий мақсад қилиб белгилаган.
Стратегияга мувофиқ, келгуси беш йилда, ялпи ҳудудий маҳсулот 13,1 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ЯҲМ 5,8 минг АҚШ долларига, саноат маҳсулотлари ҳажми 109,9 триллион сўмга, хизматлар соҳаси 133,1 триллион сўмга етказилади.
Шунингдек, иқтисодиётга 17,7 миллиард АҚШ доллари хорижий инвестиция жалб қилиш, экспортда тайёр маҳсулотлар улушини кескин ошириш ҳамда "Made in Bukhara" брендини халқаро бозорларда мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Стратегияда туризм соҳаси иқтисодиётнинг энг кучли драйверларидан бири сифатида эътироф этилган. 2030 йилга бориб, сайёҳлар сони 13,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспорти 1,7 миллиард АҚШ долларига етказилади.
Бунинг учун тарихий шаҳар муҳитини асраб-авайлаш, зиёрат, гастрономик, экологик ва маданий туризмни ривожлантириш, янги меҳмонхоналар қуриш ҳамда “24/7 Бухоро” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Ҳужжат марказида инсон манфаати туради. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган тизим сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли технологиялар кенг жорий этилиб, тиббий хизматлар халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилади. Хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда Бухорони камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш стратегиянинг энг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.
Стратегиянинг энг муҳим янгиликларидан бири — функционал ҳудудий ривожланиш моделининг жорий этилишидир. Унга кўра, Бухоро шаҳри — халқаро зиёрат ва маданий туризм ҳамда креатив иқтисодиёт марказига, Когон — транспорт-логистика ва саноат хизматлари марказига, Ғиждувон — саноат, ҳунармандчилик ва маҳаллийлаштириш марказига, Қоракўл ва Қоровулбозор — газ-кимё ҳамда энергетика марказига, Вобкент, Пешку ва Шофиркон — сув тежамкор агросаноат ҳудудларига, Олот — чегараолди савдо ва логистика марказига, Тўдакўл — замонавий туристик-рекреацион кластерга айлантирилади. Бу ёндашув ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш, инвестиция самарадорлигини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Келгуси йилларда барча давлат хизматлари босқичма-босқич рақамлаштирилади. Сунъий интеллект технологиялари давлат бошқарувига жорий қилиниб, IT соҳаси, стартаплар ва рақамли хизматлар бозори кенг ривожлантирилади. 2030 йилга келиб, IT Park резидентлари сони 169 тага, рақамли хизматлар экспорти 85 миллион АҚШ долларига етказилади.
Стратегияда экологик барқарорлик алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Сув тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда ҳар бир ресурсдан самарали фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг ажралмас қисми сифатида қаралади. Шунингдек, ҳар бир мақсад, вазифа, молиялаштириш манбалари, масъул ижрочилар ва аниқ натижадорлик кўрсаткичлари белгиланган.
Барча лойиҳалар ягона рақамли платформа орқали онлайн мониторинг қилинади, давлат маблағларининг ҳар бир сўми эса янги иш ўринлари, экспорт, инвестиция ва аҳоли фаровонлигига қўшаётган ҳиссаси асосида баҳоланади. Стратегия ижроси халқ депутатлари вилояти Кенгаши томонидан мунтазам назорат қилинади. 2028 йилда оралиқ, 2030 йилда эса якуний баҳолаш ўтказилади.
“Бухоро – 2030” стратегияси — бу шунчаки навбатдаги дастур эмас, балки вилоятнинг келажак тақдирини белгилайдиган, иқтисодиётнинг мутлақо янги моделини шакллантирадиган, ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқарадиган улкан тараққиёт дастуридир.
Ушбу стратегия амалга оширилса, Бухоро нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг юқори қўшилган қиймат яратувчи саноат, замонавий хизматлар, рақамли иқтисодиёт, зиёрат ва маданий туризм марказларидан бирига айланади. Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг самараси ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётида яққол сезилади. Ана шу жиҳат “Бухоро – 2030” стратегиясининг энг катта қиймати ва тарихий аҳамиятини белгилаб беради.
Сессияда депутатлар “Бухоро вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” лойиҳасидаги мақсадли кўрсаткичлар, туман ва маҳаллалар кесимида мўлжалланган ишларга эътибор қаратди.
Муҳокамалар якунида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессия ишида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари