Янги реабилитация маркази фойдаланишга топширилди
Қарши шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Замонавий талаблар асосида қурилган мазкур 110 ўринли комплекс ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини тиклаш ва жамиятга янада тезроқ мослашувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Марказ 60 турдан ортиқ замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда юқори малакали мутахассислар томонидан реабилитация хизматлари кўрсатилади. Аъзо ва тўқима ҳаракатланиш функцияси бузилиши, бош ва орқа мия жароҳатлари, болалар бош мия фалажлиги, суяк-мускул тизими касалликлари, артрит, остеохондроз ва диск чурралари каби хасталикларга чалинган беморларга комплекс ёрдам кўрсатилади.
Марказ мутахассислари халқаро тажрибани ўзлаштирмоқда. Хусусан, 5 нафар шифокор Корея Республикасида, бир нафари Японияда малака ошириб қайтди. Шунингдек, Кореядан 2 нафар мутахассис келиб, тиббиёт бирлашмалари ҳамда соҳадаги кадрлар учун замонавий реабилитация усуллари бўйича ўқув машғулотларини ўтказмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 1 минг 43 нафар шахсга мазкур марказда даволаниш учун ордер берилган. Улардан 187 нафарида соғлиқ ҳолатида сезиларли равишда ижобий динамика кузатилган.
Янги қурилган реабилитация марказида имконияти чекланган шахслар учун муносиб шароит ва қулай муҳит яратилган. Бу юртимизда ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири