Янги қонун мазмуни тушунтирилди
Жорий йил 27 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди.
Мазкур қонун билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти. Эндиликда тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин бўлиб, тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятлари кенгаймоқда.
Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда.
Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда тарафларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур ўзгаришлар 2024 йил 1 январидан кучга кириши муносабати билан қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, жиноят иши бўйича айбланувчи ва судланувчилар ўртасида тушунтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Бу борада Қашқадарё вилоят суди томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда ва навбатдаги давра суҳбати Қарши шаҳридаги 5-сонли тергов ҳибсхонасида ўтказилди.
Вилоят суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ў.Мамадалиев маҳбуслар билан учрашиб, уларга янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб берди, маҳбуслар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири