Янги Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Япониянинг "Balcom Group" компанияси ва Хиросима шаҳри савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда "Янги Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти" мавзусида бизнес-форум ташкил этилди.
Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабарида маълум қилинган. Тадбирда Япония ташкилотлари ва компанияларининг 70 дан ортиқ раҳбар ва вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форум доирасида Япониянинг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиш билдираётган ташкилотлари ва хусусий бизнес вакиллари билан икки томонлама учрашувлар уюштирилди. Шунингдек, «OTAFUKU» компанияси раиси Наоеши Сасаки билан музокаралар олиб борилди ва компаниянинг 40 дан ортиқ турдаги кетчуп, озиқ-овқат соуслари ва бошқа қўшимчаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводи фаолияти билан танишилди. Компания раиси Ўзбекистондан сабзавот ва зираворлар импорт қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирди.
«ANDERSEN» компанияси раиси Ҳаяши Ҳарукига Ўзбекистоннинг сармоя киритиш ва экспорт салоҳияти, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилган иқтисодий тараққиёт ҳақидаги маълумот тақдим этилди. Унга Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш таклифи билдирилди.
Тадбирлар натижасида Япониянинг Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга қизиқиш билдираётган ташкилотлари ва компаниялари вакиллари билан инвестициялар ва экспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш, Хиросима префектураси ишбилармон доиралари вакиллари билан алоқаларни ривожлантириш мақсадида мунтазам учрашувлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА