Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар сари
Муносабат
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги миллий, халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, очиқлик сари қўйилаётган қадамлар ўз натижаларини бераётганини Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси илк марта Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ўтказилаётганининг ўзи тасдиқлайди. 181 та миллий парламент, 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқ Ассамблеяси мамлакатимизда ўтказилаётгани дунё давлатлари ва ташкилотларининг Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва ошкоралик сари далил қадамлар қўяётганига билдирилган ишончининг ёрқин намунасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилган Ассамблея том маънода Янги Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва оқилона сиёсатини бутун дунё тан олаётганини, Янги Ўзбекистон учун дунё дарвозалари очиқланаётганининг амалдаги ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ушбу ассамблеяда Президентимиз сўзлаган нутқида фақат Ўзбекистоннинг ички сиёсати ёки муаммоларини эмас, бутун дунё халқлари, инсониятни қийнаб келаётган муаммоларни олиб чиқиб, уларга ечим топиш фақатгина ҳамжиҳатликда эканлигини таъкидлаганини барча иштирокчилар бир овоздан қўллаб-қувватлаётгани Янги Ўзбекистонни дунё эшитаётганини кўрсатибгина қолмай ҳар бир ватандошимиз кўксида ғурур ва ифтихор бағишлади.
Жумладан, Президентимиз ўз нутқида “...Сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради, пировард натижада одамларнинг имкониятларини чеклайди. Албатта, бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамиздир” деб алоҳида таъкидлаган ҳолда барча давлатларни ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чорлади.
Ваҳоланки, Янги Ўзбекистонда аҳолини камбағалликдан чиқариш, тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилувчи “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Демакки, дунё давлатлари Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашади, ўрганадиган жиҳатларини ўрганади, ўзларининг географик жойлашуви ва имкониятларидан келиб чиқиб шу тажриба асосида иш олиб боради.
Шу ўринда яна бир гап. Президентимиз – Украина атрофидаги вазият, Фаластин – Исроил низоси, қўшни Афғонистон тақдири, сайёрамиздаги иқлим ўзгаришлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари каби долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган глобал масалаларни дунё сиёсатчилари ва парламентлари вакиллари эътиборига тақдим этди. Мазкур масалаларни бартараф этиш юзасидан Янги Ўзбекистоннинг миллий ташқи сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Бу ташаббус дунё сиёсатчиларининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Шунингдек, Президентимиз бугунги кунда сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш зарурлигини билдиргани иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурининг VII бандида ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдонда миллий манфаатлар устуворлиги, дунё ҳамжамияти билан муносабатларда тинчликсевар ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлаш алоҳида белгилаб ўтилган.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар сари дадил одимламоқда.
Илҳом Ражабов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, депутатлик гуруҳи раҳбари.
ЎзА