Янги Ўзбекистон тиббиётининг фалсафаси
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси мамлакатдаги энг фаол ислоҳотлар амалга оширилаётган йўналишлардан бирига айланди. Бу ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар фақат янги тиббиёт муассасалари очиш ёки инфратузилмани яхшилаш билан чекланиб қолмаяпти. Бугун бутун тизимнинг фалсафаси ўзгармоқда.
Хусусан, тиббий фаолиятни лицензиялаш ва аккредитациялаш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар бунинг яққол исботидир.
2026 йил 5 май куни қабул қилинган Президентнинг “Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази маслаҳатчиси Шуҳрат Расулов бу ҳақда батафсил қуйидагиларни гапириб берди:
– Аслида, бугун давлатнинг ёндашуви ўзгарди. Илгари лицензиялаш кўпроқ рухсат бериш жараёни сифатида қабул қилинган бўлса, эндиликда у тиббий хизматлар сифатини таъминлаш механизмига айланмоқда.
Буни рақамларнинг ўзи ҳам кўрсатади. Агар 2016 йилда мамлакатимизда 3 мингдан зиёд хусусий тиббиёт ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 9 мингга яқинлашди. Бу қарийб уч баробар ўсиш демакдир.
Бу рақамлар хусусий сектор учун яратилган имкониятлар самарасини кўрсатади. Лекин шу билан бирга, давлат олдида янги вазифаларни ҳам қўйди. Чунки хусусий тиббиёт қанчалик тез ривожланса, аҳоли хавфсизлиги ва хизмат сифати бўйича талаблар ҳам шунчалик юқори бўлиши керак.
Шу боис, бугун лицензиялаш тизимидаги асосий мақсад клиникалар фаолиятини чеклаш эмас, балки уларнинг барқарор ва сифатли ишлашини таъминлашдан иборат.

Яна бир муҳим жиҳат давлат ва хусусий тиббиёт учун ягона қоидалар жорий этилаётганидир.
Илгари амалда давлат муассасалари ва хусусий секторга нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд эди. Бугун эса «бемор қаерда даволанишидан қатъи назар, бир хил сифат стандарти бўлиши керак» деган тамойил асосий мезонга айланмоқда.
Шу мақсадда 2030 йилга қадар давлат тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич лицензиялаш белгиланган. Хусусан, республика даражасидаги 55 та, ҳудудий даражадаги 413 та ва 3 мингдан ортиқ туман-шаҳар тиббиёт ташкилотлари лицензия талабларига мослаштирилади.
Бу, шубҳасиз, мамлакатимиз тиббиёти тарихидаги энг катта сифат ислоҳотларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, тиббий хизматлар турларини кенгайтириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий ихтисосликлар сони 116 тадан 255 тагача оширилмоқда, 64 та асосий йўналиш бўйича қўшимча ихтисосликлар жорий этилмоқда.
Бу аҳоли учун замонавий ва ихтисослаштирилган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Эътиборли жиҳати шундаки, тиббий фаолиятни назорат қилиш тизими ҳам тубдан ўзгармоқда.
Аввал назорат кўпроқ муаммо юзага келгандан кейин амалга оширилган бўлса, бугун ички назорат, ташқи назорат ва жамоатчилик назоратини қамраб олган профилактик тизим шакллантирилмоқда. Онлайн мониторинг, рақамли баҳолаш ва «сирли мижоз» каби механизмлар жорий этилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Аккредитация соҳасидаги ўзгаришлар эса янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Агар аввал аккредитация кўпроқ ихтиёрий ва нуфузли мақом сифатида қаралган бўлса, бугун у иқтисодий рағбатлантириш ва рақобатбардош воситага айланмоқда.
Масалан, миллий ёки ISQua (Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамият) томонидан эътироф этилган халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилотлари учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузишда ортиқча эксперт хулосасини олиш талаби бекор қилинмоқда.
Бу, бир томондан, бюрократик жараёнларни қисқартирса, иккинчи томондан, сифатли ишлаётган муассасаларни рағбатлантиради.

Яна бир муҳим янгилик – миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига белгиланган тартибда трансплантация амалиётларини амалга ошириш имконияти берилаётгани.
Бу мамлакатимизда юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлатнинг талаби ҳам аниқ: давлат маблағлари, аввало, сифати тасдиқланган муассасаларга йўналтирилиши керак. Шу мақсадда келгусида аккредитациядан ўтмаган муассасалар билан давлат тиббий суғуртаси доирасида тиббий хизматлар хариди чекланади.
Бу орқали бутун тизим сифат учун ҳаракат қилишга йўналтирилади.
Яна бир муҳим имтиёзлардан бири – миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилотларининг лицензияси аккредитациянинг амал қилиш муддатига мос равишда автоматик узайтирилади. Бу эса сифатини тасдиқлаган муассасалар учун такрорий лицензиялаш билан боғлиқ ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириб, уларга асосий эътиборни ҳужжатбозликка эмас, тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратиш имконини беради.
Шу ўринда миллий аккредитация тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ташкилотларининг миллий аккредитацияси Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 январдаги 16-сон қарори, Президентнинг 2026 йил 5 майдаги тегишли қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Миллий аккредитация – тиббиёт ташкилотларининг тиббий ёрдам сифати ва хавфсизлиги бўйича миллий стандартларга мувофиқлигини мустақил баҳолаш жараёни бўлиб, унинг асосий мақсади беморлар хавфсизлиги, сифатли тиббий ёрдам, малакали кадрлар, хавфларни самарали бошқариш ва сифат менежменти тизимининг самарали фаолиятини таъминлашдан иборат.
Миллий аккредитация стандартлари давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун бир хил қўлланилади ҳамда ISQuaEEA (Соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича халқаро жамиятнинг ташқи баҳолаш дастури) халқаро талаблари, кўп йиллик халқаро тажриба ва Марказий Осиё давлатларидаги амалий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган.
Тизим 75 та стандартдан иборат бўлиб, улар 7 та асосий йўналишни қамраб олади: етакчилик ва бошқарув, бино ва жиҳозлар хавфсизлиги, инфекцион назорат, дори воситаларини бошқариш, беморлар ҳуқуқлари, клиник жараёнлар ҳамда кадрларни бошқариш.

Ушбу стандартларни жорий этиш тиббиёт ташкилотларида сифат ва хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлаш, бошқарув самарадорлигини ошириш, беморлар ва ходимлар учун хавфларни камайтириш ҳамда миллий соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, бугун биз тиббий фаолиятга лицензия беришнинг оддий маъмурий моделидан сифатни бошқариш моделига, аккредитациянинг ривожланиш ва рағбатлантириш механизмига ўтмоқдамиз.
Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг барчаси битта мақсадга хизмат қилади: ҳар бир юртдошимиз қаерда яшашидан, давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасига мурожаат қилишидан қатъи назар, хавфсиз, сифатли ва замонавий тиббий хизмат олиш ҳуқуқини таъминлаш.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон тиббиётини янги босқичга олиб чиқадиган стратегик ўзгаришлар сифатида тарихда қолади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА