Янги Ўзбекистон тиббиёти: инсультни даволаш бўйича рақамли реабилитация моделини яратган ёш шифокор
Бугун – Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш куни
Ҳаёт ва ўлим орасидаги чегара жуда яқин, бир нафас олгуликча ҳам эмас. Баъзида бир сониялик кечикиш инсон умрига нуқта қўйиши мумкин. Шундай касб эгалари борки, улар гўё ўлим қаршисида қалқон бўлиб туради, инсон умрини қайтадан бошлашга ёрдам беради.
Инсульт – кутилмаганда рўй берадиган оғир хасталик. Кома ҳолатидаги инсонларнинг ҳаётга қайтиши – чинакам мўъжиза. Бу мўъжизаларнинг ортида шифокорларнинг кечаю кундуз тиним билмас меҳнати, билим ва матонати ётади.
Миллий тиббиёт марказининг тажрибали неврологи Нозимжон Муртазаев, эндоваскуляр жарроҳ Дамир Аббасов ҳамда реаниматологлар жамоаси томонидан кўрсатилаётган юқори малакали тиббий ёрдам ана шундай мўъжизаларга сабаб бўлмоқда, қанчадан-қанча оилаларнинг қувончини қайтариб бермоқда.
Яқинда 1980 йилда туғилган Бавур Давлятовнинг оғир геморрагик инсульт туфайли ҳушсиз, кома ҳолатида Марказга олиб келинганини сўз билан ифодалаш қийин – яқинларининг умиди деярли сўнган эди. Бироқ, шифокорларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари туфайли Бавур Давлятов ўз оёғи билан юриб, оиласи бағрига, ҳаётга қайтди. Унинг кўзларидаги миннатдорлик ёшлари тиббиёт ходимларининг юксак инсонийлиги ва касбий маҳоратига берилган энг олий баҳодир.
1994 йилнинг 11 январида Навоий вилоятининг Кармана туманида зиёлилар оиласида туғилган Нозимжон Муртазаевнинг ҳаёт йўли кўплаб ёшлар учун чинакам ибрат мактаби, десак муболаға бўлмайди. Отаси – умрини шифокорликка бахшида этган тажрибали невролог бўлса, онаси – ёш авлодга таълим-тарбия берувчи фидойи ўқитувчи. Оилавий муҳит - илмга чанқоқлик, зиёлиларга нисабатан ҳурмат, меҳр ва масъулият Нозимжоннинг ҳам келажак касбини танлашида ҳал қилувчи роль ўйнади.
2013-2019 йилларда Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олиб, шифокорликнинг машаққатли илмини эгаллаган қаҳрамонимиз ўз билимларини янада бойитиш мақсадида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги И.И.Мечников номидаги Шимоли-Ғарбий давлат тиббиёт университетида неврология мутахассислиги бўйича ординатурани муваффақиятли тамомлади. Петербургдаги 26-шаҳар клиник шифохоналарининг қон-томир марказларида ўтказилган ҳар бир кун унга олган назарий билимларини мустаҳкамлаш имконини, оғир ҳолатдаги беморлар билан ишлаш кўникмасини берди ва катта тажриба мактабини ўтади.
– Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 20 январдаги “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳада туб бурилиш ясади, – дейди Миллий тиббиёт маркази матбуот хизмати раҳбари Зулайҳо Мусурмонова. – Мана шу муҳим ҳужжат асосида Марказимизда замонавий нейрореанимация бўлими ташкил этилди. Қувонарлиси, айни пайтда шу бўлимга ёш, шижоатли шифокор Нозимжон Муртазаев раҳбарлик қилмоқда. У бошчилигидаги жамоа қисқа фурсатда ўткир инсульт билан оғир аҳволда келган беморларни оёққа турғазишда катта натижаларга эришди. Хусусан, «олтин олти соат» деб аталадиган энг муҳим вақт ичида эндоваскуляр ва нейрохирурглар билан ҳамкорликда беморларга юқори технологик ёрдам кўрсатилмоқда. Телемедицина орқали масофадан туриб ҳам ўз вақтида аниқ ташхис қўйилиб, бугунги кунга қадар элликдан ортиқ оғир беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди ва улар соғлом ҳаётга қайтарилди.
Дарҳақиқат, Нозимжон Муртазаевнинг хизматлари Янги Ўзбекистон тиббиётида янги саҳифани очди. У инсультни даволаш бўйича рақамли реабилитация моделини яратди. Россиялик ва туркиялик етакчи мутахассислар билан ҳамкорликда Марказда бош мияда ўткир қон айланиши бузилиши бўлган беморларга мультидисциплинар ёндашувда эрта диагностика қилиш, тромболизис ва тромбоэкстракция каби юқори технологик амалиётларни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жорий этди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, фаолияти давомида Нозимжон Муртазаев бош мияда ўткир қон айланиши бузилиши билан боғлиқ 500 дан ортиқ мураккаб ва кам инвазив юқори технологик амалиётларни муваффақиятли амалга оширди. Жумладан, Марказ базасида қарийб 400 нафар беморга юқори технологик ёрдам кўрсатилиб, улардан 45 тасига тромболизис ва 20 та ҳолатда тромбоэкстракция каби ўта нозик жарроҳлик муолажалари бажарилди. Бу, минглаб инсонларни ногиронликдан сақлаб қолиш, жамиятга соғлом қайтариш демакдир. Фақат амалиёт билан чегараланиб қолмасдан, илмий изланишларини ҳам изчил давом эттирган шифокор «Рақамли иқтисодиёт шароитида тиббиёт муассасалари молиялаштириш тизимини ташкилий-услубий жиҳатдан такомиллаштириш» мавзусида иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилиб, соҳага илмий ёндашувни ҳам олиб кирди.
Унинг ташаббуси билан ёш неврологлар учун ташкил этилган амалий маҳорат дарслари, халқаро анжуманлардаги маърузалари ва тиббиётни рақамлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари кенг жамоатчилик томонидан муносиб баҳоланди. Меҳнат стажи бор-йўғи 7 йил бўлишига қарамай, илми, ўз касбига бўлган чексиз садоқати, тиришқоқлиги, кечаю кундуз беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қилаётган саъй-ҳаракатлари сабабли у давлатимиз эътиборига тушди.
Президентимизнинг жорий йил 20 октябрдаги “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, тиббиёт соҳасидаги фидокорона меҳнатлари, юқори профессионализми ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун юксак давлат мукофотига сазовор бўлди – “Шуҳрат” медали билан тақдирланди ва ушбу мукофотни бевосита давлат раҳбарининг қўлидан қабул қилиб олди.
– Ушбу эътироф нафақат менинг, балки жамоамизнинг фидокорона меҳнатига берилган юксак баҳодир, – дейди Миллий тиббиёт марказининг нейрореанимация бўлими шифокор-неврологи Нозимжон Муртазаев. – Бундай шарафли ва масъулиятли вазифада ишлаш – биз учун ҳам фахр, ҳам чексиз масъулият. Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга ва тиббиёт соҳасига кўрсатаётган доимий ғамхўрлиги янада кўпроқ изланишга, халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.
Қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз узоққа чўзилмади. Айтишни ва эшитишни истаган гапларимиз бисёр бўлсада, Нозимжонни кўпам саволга тутмадим. Унинг йўлига кўз тиккан беморлар, нажот илинжида кутаётган дардмандлар учун вақтини аядим. Ахир юқорида айтиб ўтилганидек, Бавур Давлятовнинг ҳаёти ҳам ўз вақтида ва тезкор кўрсатилган керакли тиббий ёрдам туфайли сақлаб қолинмаганмиди!?
Ушбу қисқагина суҳбатдан англаганларим шу қадар кўп эдики, замонамиз қаҳрамонлари, Алпомишлари мана шу эр йигитлар бўлса керак, аслида.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА