Янги ўқув йилида натижалар янада яхшиланади
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси садолари билан бошланган тадбирда университет ректори, профессор Акрамжон Юлдашев сўз олиб, барчани Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили бошланиши билан табриклади.
[gallery-13448]
Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар ҳамда биринчи босқичга қабул қилинган талабаларнинг ота-оналари юртимизда талаба-ёшларнинг билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун берилаётган кенг имкониятлар, улардан унумли фойдаланиш, университетда талабаларнинг ўқиши, яшаши учун яратилган шароитлар хусусида гапирди. Янги ўқув йилида университет жамоаси талабаларга бугунги кун талаби даражасида билим бериш, илмий-тадқиқот ишлари, умуман, барча йўналишларда янада юқори натижаларга эришиши алоҳида таъкидланди.
Тадбирда мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан меҳнат фаолияти давомида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ёшларга илм бериш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари учун бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширди.
Шундан сўнг университет аудиторияларида “Мустақиллик дарси” машғулотлари бошланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА