Янги ўқув йили янги орзулар билан бошланади
Жиззах вилоятида халқ таълими тизимида аҳолининг алоҳида тоифаси учун таълим сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев иштирокчиларга Зарбдор туманидаги заиф эшитувчилар, кар ва соқов болалар махсус мактаб-интернатларида амалга оширилган қайта таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари хусусида батафсил маълумот берди.
Президентимизнинг 2020 йил 13 октябридаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йил Зарбдор туманидаги махсус мактаб-интернатларда кенг ҳажмдаги тубдан қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 15 миллиард сўм маблағ сарфланди.
[gallery-3619]
Натижада, 1982 ва 1985 йилларда қурилган мазкур махсус мактаб-интернатлар мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади. Янги ўқув йилини ҳар икки мактаб-интернат болалари тубдан янгиланган ўқув муассасасида бошлайди. Мактаб-интернатларига Республика “Замин” фонди ҳисобидан 26 дона замонавий компьютер, 2 дона интерфаол сенсорли диск тақдим этилди. Ҳар икки ўқув муассасасининг фан, спорт мусиқа, ҳунар ўрганиш тўгарак хоналари, ётоқхоналари, ошхоналари янгидан жиҳозланди.
– Бу болаларга юксак иқтидор ато этилган, – деди Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев. – Уларнинг чизган суратлари, ясаган буюмлари, рақс тушишлари, мусиқа асбобларини моҳирлик билан чалишлари, спорт мусобақаларида кўзларидан ўт чақнаб ҳаракат қилишларини кўрган киши ҳавас қилади. Лекин мени, бошқа нарса чуқур ўйга толдиради. Улар мактабни тамомлагач, педагогика институтининг фақат биттагина йўналишида, у ҳам бўлса ўзларига ўхшаган имконияти чекланган болажонларга сабоқ бериш бўйича олийгоҳда ўқишни давом эттиришлари мумкин. Минг афсуски, улар учун нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам бошқа олийгоҳларга кириб ўқишлари учун имконият мавжуд эмас. Лекин уларни бир қатор ҳунарларга ўқитиб, касб-корли қилиш мумкин.
Мазкур билим даргоҳларида интенсив балиқчиликни ривожлантириш, ўқувчиларни тикувчилик ва бошқа касбларга ўргатиш юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.
А.Қаюмов.
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА