Янги ўқув йили – янги имкониятлар билан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги ўқув йилининг бошланиши юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг яна бир амалий ифодасидир. Таълим масканлари замонавийлаштирилиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, ўқувчилар учун қулай ва муносиб шароитлар яратилаётир.
Бухоро вилоятида ҳам янги ўқув йили арафасида қатор мактаблар таъмирланиб, замонавий ўқув бинолари фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Бухоро туманидаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 10-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини мукаммал таъмирлашдан сўнг янгича қиёфа касб этган синфхоналарда қарши олди.
[gallery-31207]
Шунингдек, Талалиён маҳалласидаги 38-мактаб учун қўшимча 180 ўринли ўқув биноси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Қўлба қишлоғидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби биносида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, у янги ўқув йилида ўқувчилар учун ўз эшикларини очди.
Янгиланган таълим масканларида ўқувчиларнинг сифатли билим олиши учун зарур шароитлар яратилиб, синфхоналар замон талаблари асосида жиҳозланди.
Янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилган ушбу таълим масканлари ўқувчиларнинг билим олиши, изланиши ва янги марраларни забт этиши учун муҳим имкониятлар яратмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА