“Янги нафас” Бухорода ҳам кўтаринки руҳда ўтди
Бухоро шаҳри ва Қоровулбозор туманида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтди.
“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ташкил этилган югуриш мусобақаси фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида мамлакат байроғига ҳурмат, ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдириш, қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган муҳим тадбирлардан биридир.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Марафон Бухоро шаҳридаги “Ситора” болалар боғи ёнидан старт олди.
Мусобақа стартида сўз олган вилояти ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни миллий юксалиш рамзи ва улуғвор Ватанимиз тимсоли бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллиги билан қутлади. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлатимиз раҳбари эътиборидаги асосий масалалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 6 мингдан зиёд иштирокчи – олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб умумтаълим ва спорт мактабларининг ўқувчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаолларидан фахрийларгача уч километрлик масофа бўйлаб, ғолиблик ва саломатлик учун бирга югуришди.
Марафон вилоят ҳокимлиги, вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт, Маданият бошқармалари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти хамкорлигида ташкил этилди.
"Шаҳристон" майдонида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Концерт дастури билан бошланган тадбир ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари билан давом этди.
Якуний натижаларга кўра, аёллар ўртасидаги беллашувларда Диёра Бозорова биринчи, Райхона Рўзиева иккинчи ҳамда Моҳигул Ҳайдарова фахрли учинчи ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Шахриёр Бозоров ғолибликни қўлга киритган бўлса, Мадиёр Аслонов иккинчи, Озодбек Саидов учинчи ўринга эга чиқди. Шунингдек, мусобақада "Энг ёш иштирокчи" номинациясида Абубакр Усмонов, "Энг ёши улуғ иштирокчи" йўналишида эса Раҳмон Рамазонов ғолибликни қўлга киритишди.
Қоровулбозор туманида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси Имом Бухорий маҳалласи “Мустақиллик” кўчасидан старт олди.
Мусобақада 2 мингга яқин иштирокчи катнашди.
– Марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган юртдошларимиз қатнашди, – дейди Қоровулбозор тумани ҳокимининг ўринбосари Саид Қўшшаев. – Югуришга келганлар орасида ўқувчилар, уюшмаган ёшлар, ишчи-хизматчилар, ҳарбийлар, нафақадаги отахон, онахонлар, ногиронлиги бўлган, жумладан, туғма нуқсони бўлган юртдошларимиз ҳам бор.
[gallery-14675]
Мусобақада ғолибликни қўлга киритганлар ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари