Янги лойиҳалар ва саноат юксалиши Қашқадарёни мамлакатнинг илғор ҳудудига айлантирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятига келди. Ташриф “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластерининг янги фабрикаси фаолияти билан танишишдан бошланди.
Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилди. Қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилди.

Корхонада сув ва энергия сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.
Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Ушбу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминотидаги харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
Келгусида “Sulton Tex Group” кластери мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Бу ерда жорий қилинган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
Корхонада меҳнат қилаётган Дилором Холиёрова Президентимиз билан суҳбатда иш ўрни ва яратилган шароитлардан мамнун эканини билдириб, кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор этди.
– Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда, – деди Президентимиз.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “FM World” корхонаси фаолияти билан танишди.

Мажмуа Хитойнинг 500 та йирик хусусий корхонаси қаторига киритилган “Jiangsu World Group” корпорацияси таркибига киради.
Қиймати 20 миллион доллар бўлган лойиҳа тўлиқ хорижий инвестиция ҳисобидан молиялаштирилиб, 5 гектар майдонда жойлашган. 12 минг квадрат метр майдонда ишлаб чиқариш бинолари барпо этилган. Бу ерда 200 та иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқаришнинг айрим жараёнлари автоматлаштирилган.
Айни пайтда корхонада “Nasaf” бренди остида беш хил русумдаги тракторлар, пахта териш машиналари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари йиғилмоқда. Тракторлар GPS, автопилот, ўғитлашни бошқариш ва масофадан назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланган. Бу дала ишларини аниқ бажариш, ёнилғи ва бошқа ресурслар сарфини камайтиришга хизмат қилади.

Корхонада дала шароитида техникаларга хизмат кўрсатиш, носозликларни олдиндан аниқлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича мунтазам ўқув машғулотлари ҳам ўтказилмоқда.
Тракторларни йиғишда маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизни ташкил этади. Корхонанинг ўзида 138 турдаги деталь ва бутловчи қисм ишлаб чиқарилмоқда. Бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва корхоналар билан кооперацияни кучайтириш орқали маҳаллийлаштириш даражасини босқичма-босқич ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Йиллик экспорт ҳажмини 50 миллион долларга етказиш, маҳсулотларнинг 30 фоизини қўшни давлатларга етказиб бериш режалаштирилган.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр техникалар билан танишди.

– Шу пайтгача қишлоқ хўжалиги техникаларини хориждан олиб келардик. Бу эса таннархга таъсир қиларди. Қашқадарёда фермерларимизнинг ишини енгиллаштирадиган замонавий техникаларнинг ўзимизда, ўзимизнинг брендимиз остида ишлаб чиқарилиши бир пайтлар орзу эди. Маҳаллийлаштириш – қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларимизнинг узвий давоми. Бундай ишларни изчил давом эттирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўнгги беш йилда вилоятга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинганини қайд этди. Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар ишга туширилди, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди.
– Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак, – деди Президентимиз.
Шу мақсадда умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.
Ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида 7 мингга яқин доимий иш ўрни яратилмоқда. Италиянинг “Cotonella” бренди йилига 8,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Косон, Миришкор ва Касби туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Улар ҳисобидан 18 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда ҳам янги қувватлар ташкил этилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Унинг 40 миллион долларлик маҳсулотини “Nestlé” ва “Purina” каби халқаро брендлар учун экспортга йўналтириш режалаштирилган. Миср ва Покистон инвесторлари эса Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошламоқда.
– “Яшил” иқтисодиёт вилоятни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроэлектр станцияси ишга туширилди. Қарши туманида Хитойнинг “Shanghai SUS” компанияси иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 150 миллион долларлик заводни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта микроГЭС барпо этилади.
Китоб туманида Озарбайжон билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳаси бошланмоқда. Шаҳрисабз туманида эса россиялик инвесторлар билан 300 миллион долларлик дор йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курорти мажмуасини барпо этиш кўзда тутилган.
Президентимиз хорижий ҳамкорлар ва инвесторларга вилоятга сармоя, янги технология ва инновациялар олиб кираётгани учун миннатдорлик билдирди. Уларнинг таклифлари тингланди.

– 2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президентимиз рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва навбатдагиларининг қурилишига старт берди.
Кейин Президент Шавкат Мирзиёев “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонаси фаолияти билан танишди.

Ҳудудда етиштирилаётган мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган янги корхона хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулот тайёрлаб, уни ташқи бозорларга етказиб бериш билан шуғулланмоқда.
АҚШнинг “Wosune International Inc” компанияси сармояси ҳисобидан барпо этилган корхонанинг қиймати 8,5 миллион доллар. 150 та доимий иш ўрни яратилган.
Бу ерда сабзи, булғор қалампири, ошқовоқ, олма, кўк пиёз, исмалоқ ва турли кўкатлар конвекцион ускуналарда қуритилади. Ушбу технология маҳсулотнинг табиий таъми ва озуқавий хусусиятларини сақлашга хизмат қилади. Ишлаб чиқариш жараёнининг 30 фоизи роботлаштирилган.

Тайёр ингредиентлар тез тайёрланадиган таомлар, зираворлар, консервалар ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларга етказиб берилади. Маҳсулотлар Россия, Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Хомашё таъминотини кенгайтириш мақсадида вилоятдаги деҳқон хўжаликлари билан тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларини кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган “Касблар шаҳарчаси” фаолияти билан ҳам танишди.

Қиймати 42 миллиард сўм бўлган техникум 5,2 гектар майдонда жойлашган. Унинг таркибида ўқув бинолари ва лабораториялар, устахоналар, ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона ва “Касблар шаҳарчаси” барпо этилган. Жами 14 та бино ва иншоотни қамраб олган муассасада 80 та иш ўрни яратилган.
Ҳозир бу ерда 10 та йўналиш бўйича 417 нафар ёш таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнига Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси татбиқ этилмоқда.
Техникум вилоятдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам методик ва амалий база бўлиб хизмат қилади. Уларда таҳсил олаётган 2 минг 800 нафар ўқувчи шу ерда амалиёт ўтайди. Амалиёт ва дуал таълимни ташкил этиш бўйича 32 та йирик ташкилот билан шартномалар тузилган, яна 11 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Йил якунига қадар 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари стажировкага кетаётган бир гуруҳ ёшлар билан суҳбатлашди.
– Барча саъй-ҳаракатларимиз сизлар касб эгаллашингиз учун. Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар. Бугун сизларга шундай имконият бериляпти. Ундан тўғри фойдалансангиз, ўзингиз, фарзандларингиз ва невараларингиз учун фаровон ҳаётга замин яратасизлар. Шунинг учун бир дақиқангиз ҳам бекор ўтмасин, – деди Президентимиз.

Суҳбатда мактаб давриданоқ касб ва тил ўргатишга эътибор бериш зарурлиги ҳам таъкидланди. “Касблар шаҳарчаси” шу мақсадда мактаб ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни касбга йўналтириш учун ташкил этилган.
Ёшлар бу ерда ахборот технологиялари, “яшил” энергетика, робототехника, дронларни бошқариш ва электромобилларга хизмат кўрсатиш каби йўналишлар билан танишади. Шунингдек, тикувчилик, ошпазлик, сантехника, зоотехника ва агрономия бўйича амалий кўникмаларни эгаллайди.
Вилоятда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари янги мутахассисларга эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис, техникум имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, таълим дастурларини иш берувчилар талабига мослаштириш ва ёшларни янги корхоналар учун мақсадли тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шу ерда Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги замонавий ёндашувлар ҳамда Германия билан ҳамкорликдаги истиқболли қўшма лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ғузор туманида ташкил этилган кўчатчилик марказига борди.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 сентябрдаги фармони билан маҳаллаларнинг кўкаламзорлаштиришдаги ролини кучайтириш, “3-30-300” тамойили асосида яшил ҳудудларни кенгайтириш вазифалари белгиланган. Янги марказ сифатли кўчат етиштиришни маҳаллалар эҳтиёжи, дарахтларни парваришлаш ва аҳоли бандлиги билан боғлашга қаратилган.
Хориж тажрибаси асосида 65 гектар майдонда ташкил этилган мажмуанинг қиймати 9,5 миллиард сўм. Бу ерда 100 га яқин иш ўрни яратилган.
Марказнинг 50 гектари манзарали дарахтлар, 5 гектари мевали дарахтлар, 3 гектари бута ва гул кўчатларини етиштиришга ажратилган. Биринчи босқичда 1,6 миллион дона, кейинги босқичда 5 миллион дона ниҳол ва кўчат етиштириш кўзда тутилган. Бу ерда 41 турдаги манзарали ва игнабаргли дарахт кўчатлари мавжуд.
Мажмуада очиқ кўпайтириш майдонлари, иссиқхона, уруғдан ниҳол етиштириш ва кўчатларни соялаш иншоотлари барпо қилинган. Сиғими 4,2 минг куб метр бўлган учта мембранали сув ҳавзаси ташкил этилиб, 20 гектар майдонга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган. Компост ва мульча тайёрлаш ускуналари ҳамда қуёш панелларидан фойдаланилмоқда.
Замонавий технологиялар йил давомида, жумладан, экиш мавсумидан ташқари вақтда ҳам кўчат етиштириш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, анъанавий усулларга нисбатан етиштириш ҳажми 8-10 баробар кўпайиб, сув сарфи 3 баравар камаяди. Бу кўчатлар таннархини 30-40 фоизга пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Марказда маҳаллаларни яшиллаштириш учун алоҳида хизматлар йўлга қўйилган. Улар кўчат ва буталар етказиб бериш, зарарланган дарахтларни даволаш, мульчалаш ҳамда томчилатиб суғориш тизимларини ташкил этишни қамраб олади. Ҳар бир маҳаллага ўрмончи мураббий бириктирилиб, “еттилик” аъзолари учун ҳар бир экиш мавсуми олдидан ўқувлар ўтказилади.
Аҳоли ҳам кўчат етиштириш жараёнига жалб қилинмоқда. Кооперация шартномалари асосида фуқароларга ниҳоллар етказиб берилади. Улар хонадонларда бир-икки мавсум парваришланиб, тайёр кўчатга айлангач, кафолатли тарзда сотиб олинади. Бу оилаларга қўшимча даромад манбаи яратади.
Давлатимиз раҳбари марказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, кўчат экиш ва боғ яратиш халқимизга хос эзгу анъана эканини таъкидлади. Марказнинг маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ва аҳоли даромадларини оширишдаги имкониятлари ҳақида ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ғузор туманида “Қашқадарё Жингу” корхонаси томонидан Шинжон усулида пахта етиштирилаётган далада бўлди.

Давлатимиз раҳбарига чигит экиш, ғўзани суғориш ва парваришлашда қўлланаётган технологиялар ҳақида маълумот берилди. Бу ерда 2,2 минг гектар майдонга чигит плёнка остига қўш қаторлаб экилган, томчилатиб суғориш тўлиқ жорий қилинган.
Плёнка тупроқдаги намлик ва ҳароратни сақлаб, чигитнинг эрта ҳамда бир текис униб чиқишига ёрдам беради. Сув ва ўғит эса томчилатиб суғориш тизими орқали бевосита ғўза илдизига етказилади. Натижада сув сарфи 30-40 фоизга, ўғит сарфи қарийб 30 фоизга камаяди. Ҳосил анъанавий майдонларга нисбатан 10-15 кун олдин пишиб етилади.
Президентимиз пахтазорда етиштирилган ҳосил ва агротехник тадбирларни ташкил этиш жараёни билан танишди. Анъанавий усулда гектаридан 30-35 центнер пахта олинса, Шинжон технологиясида бу кўрсаткич 60-70 центнергача етиши мумкин. Корхона далаларида ҳосилдорлик гектарига 55 центнерни, ялпи ҳосил эса 12,3 минг тоннани ташкил этмоқда.
Дала ишларида агродронлардан ҳам фойдаланилмоқда. Бу айрим агротехник тадбирларни тезроқ бажариш, ёнилғи сарфини камайтириш имконини бермоқда.
Хитой сармояси иштирокида ташкил этилган “Қашқадарё Жингу” агрокластери Косон, Нишон, Ғузор, Кўкдала ва Миришкор туманларида жами 18,3 минг гектар майдонда фаолият юритади. Ушбу ерларнинг катта қисми илгари фойдаланилмаган чўл ва қаровсиз майдонлар бўлган. Лойиҳага 128 миллион доллар инвестиция киритилиб, 50 та иш ўрни яратилган. Экспорт ҳажми эса 8,5 миллион долларни ташкил этади.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига вилоят қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қамаши туманидаги Чим маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари билан танишди.

“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” сифатида ривожлантирилаётган Чимда 5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг қарийб ярмини ёшлар ташкил этади.

Инфратузилмани янгилашга 55 миллиард сўм йўналтирилиб, 240 ўринли болалар боғчаси, 640 ўринли мактаб, маҳалла ва ёшлар марказлари, истироҳат боғи барпо этилган. Шунингдек, 4,5 километр йўл қурилиб, электр таъминоти ва суғориш тармоқлари янгиланган.
Давлатимиз раҳбари маҳалла марказидаги ўйингоҳда болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди. Ёшлар кутубхонасида эса китобхон йигит-қизларнинг мақсад ва интилишлари билан қизиқди.
Мулоқотда Президентимиз Ўзбек тили байрами муносабати билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ҳалима Худойбердиева ижодини эслади. Тилга, миллий адабиётга ва аждодларимиз меросига эътибор ортиб бораётганини қайд этди.
– Бугун тилимизга, миллатимизга ва ўзлигимизга бўлган эҳтиром тобора юксалмоқда. Одамлар яна китоб ўқишга интиляпти. Ота-боболаримиздан қолган маънавий меросни қайта тиклаяпмиз. Қамашининг Чим маҳалласида ҳам шундай маънавий муҳит, шундай шароитлар яратилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз олий таълим имкониятлари кенгайгани, билимли ва Ватанини севадиган кадрларни тайёрлаш мамлакат келажаги учун зарурлигини таъкидлади.
– Илгари 100 нафар ёшдан атиги 9 нафари олий таълимда ўқиган бўлса, бугун 45 нафари ўқияпти. Олийгоҳларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларга шароит яратиш катта меҳнат талаб қилади. Лекин Ўзбекистоннинг келажаги учун миллий ғурури бор, Ватанни севадиган кадрлар керак. Мен сизларга ишонаман. Жонажон Ватанимиз, Қашқадарё воҳасининг келажаги сизларнинг қўлингизда, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Чимда аҳоли даромадини ошириш учун ҳам янги имкониятлар яратилган. Хотин-қизлар меҳнат қилаётган гиламчилик ва каштачилик корхонасига 3,5 миллиард сўм сармоя киритилган. Банклар кўмагида 20 га яқин хонадонда умумий майдони 36 сотих бўлган иссиқхоналар ташкил этилган, маҳсулотларни сақлаш учун 200 тонналик музлаткич қурилган. Бу ишлар орқали 80 дан ортиқ ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Шунингдек, кооперация асосида лимончилик ривожлантирилмоқда. Аҳолига кўчат, ўғит ва агротехник хизматлар етказиб берилади, етиштирилган ҳосил кафолатланган нархда сотиб олинади. Лимон кўчатлари орасига картошка, брокколи ва кўкатлар экилиши ҳисобига дарахтлар ҳосилга киргунига қадар ҳар бир иссиқхонадан қўшимча 14-16 миллион сўм даромад олинмоқда.
Маҳаллада 70 та тадбиркор фаолиятини кенгайтирган, яна 20 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Автомагистраль бўйидаги хизмат кўрсатиш объектлари сони 31 тадан 137 тага етиб, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Чим ва унга қўшни маҳаллалардаги 1,2 мингта хонадон кооперация асосида фармацевтика ва косметика саноатида қўлланиладиган гулхайри ўсимлигини етиштирмоқда.
Ташриф якунида Президентимиз маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашди. Улар маҳалладаги ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини билдириб, юрт фаровонлиги ва ёшлар келажаги учун дуо қилдилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ўлмас БАРОТОВ,
ЎзА махсус мухбирлари