Янги лойиҳалар туфайли иш ўринлари кўпаймоқда
Бухоро вилояти Когон туманида иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали янги юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича стратегик ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Туманда ўтган 2023 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 599,1 миллиард сўмга тенг бўлган жами 47 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 518 та янги иш ўрни яратилди.

Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманда 2023 йилда 5 та лойиҳа доирасида 33,5 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган эди. Амалда умумий қиймати жами 55,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга эришилди. Бу эса ўз навбатида кўрсатгич режага нисбатан 166,5 фоизни ташкил этди. “SIYOVUSH TEKSTIL BUXORO” МЧЖ, “China Xiangyang Group” XK каби йирик корхоналар шулар жумласидандир.

Шунингдек, туманда жорий 2024 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 982,7 миллиард сўмга тенг бўлган жами 31 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 615 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Жумладан, саноат йўналиши бўйича умумий қиймати 892,2 миллиард сўмга тенг жами 18 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 435 та янги иш ўрни яратилади. Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича умумий қиймати 70,4 миллиард сўмга тенг жами 8 та лойиҳа амалга оширилиши туфайли 108 та янги иш ўрни ташкил этилади. Хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича умумий қиймати 20,1 миллиард сўмга тенг жами 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 72 та янги иш ўрни пайдо бўлади.


Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида жорий 2024 йилда экспорт прогноз режаси 46,9 миллион АҚШ доллари миқдорида бажарилиши кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири