Янги лойиҳа: тўй-маросимларда ортиқча сарф-харажатларни камайтириш бўйича жамоатчилик келишувларига эришилди
Жамият учун оғриқли нуқта сифатида қараладиган исрофгарчилик, дабдабабозлик, “орзу-ҳавас”га ортиқча берилиш каби иллатларга қарши курашиш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан биридир.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни ихчам ва камхарж ўтказиш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилгани, манзилли чора-тадбирлар асосида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётгани ўз натижасини бермоқда. Аммо, турли иллатларга берилиб, миллионларни бир кунда сарфлаб юбораётганлар ҳам борлиги айни ҳақиқат.
Мазкур жиҳатларни ҳисобга олиб, мамлакатимизда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни меъёрида ўтказишни халқимизга етказиш учун маънавий-профилактик тадбирларни амалга ошириш лозим. Буни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан халқимиз орасида ихчам, оддий ва меъёрга асосланган тўй-маъракаларни миллий қадриятларимизга мос равишда ўтказиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Ўзлигимизни кемирувчи иллатларга қарши аёвсиз курашиш мақсадида ташкил этилган “Маромийлик” лойиҳаси маросимларни дабдабадан холи ўтказишни тарғиб этади.
Манзилли чора-тадбирлар дастури асосида маҳаллаларда ўтказилаётган тушунтириш ва тарғибот ишларида бевосита “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, “Нуроний” жамғармаси вакиллари иштирокида ташкил этилаётган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, учрашувлар, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини сақлаш ҳамда ёш келин-куёвларни оилавий ҳаётга маънан тайёрлашда муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур йўналишдаги тарғибот тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Жиззах, Сирдарё вилоятларида юқори фаоллик билан ўтказилмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикаси мисолида таҳлил этадиган бўлсак, “Иқшамлилиқ” ва “Тежамкорлик” тамойиллари асосида ўтказилган тушунтириш ишлари натижасида маҳаллалардаги тўй-маросимларда ортиқча сарф-харажатларни 30-35 фоизга камайтириш бўйича жамоатчилик келишувларига эришилди.
Бухоро вилоятида маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари ҳамда аҳоли гавжум жойларда тўй ва оилавий тадбирларни маромийлик асосида ўтказиш бўйича баннерлар ўрнатиш, унда тадбирларни камхарж ўтказиш юзасидан белгиланган тартиблар, харажатлар меъёри ҳамда тежаладиган маблағлар миқдорини аниқ ва тушунарли кўринишда акс эттириш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилди
Унда жами 14 та туманнинг 38 та маҳалласи, 10 та ташкилот ва корхонада маромийлик тамойилларини тарғиб қилиш, тежамкорлик ҳамда ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олишга урғу берилди.
Сурхондарё вилоятида эса тарғибот тадбирлари ўтказиш билан бирга “Жануб жавоҳири” ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари томонидан тўй маросимларини ихчамлаштириш, дабдабабозлик ва исрофгарчиликни камайтириш мақсадида аҳоли орасида рақамли тарғибот йўналишида узлуксиз ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, исрофгарчиликнинг олдини олиш, тўй ва маросимларда ихчамлик, тежамкорликни тарғиб этиш мақсадида “Тўймисан, тўй бўлди!” шиори остида намунали, ихчам тўйлар қилиш йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, бу нафақат иқтисодий тежамкорлик, балки жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш учун ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Марказ томонидан “Маромийлик” лойиҳаси асосида рақамли ва анъанавий тарғибот-ташвиқот ишлари узлуксиз амалга ошириб борилади.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази
бош мутахассиси.
ЎзА