Янги лойиҳа: фарзандим билан бир кун
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 23 февралида ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишда белгиланган муҳим вазифалар ижроси доирасида прокуратура органлари томонидан амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти прокурори, вилоят иккинчи сектори раҳбари, адлия маслаҳатчиси Умирбек Мадраҳимов ташаббуси билан прокуратура органлари ходимлари ўртасида “Фарзандим билан бир кун” лойиҳаси ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ходимларнинг касбга бўлган садоқатини янада ошириш, оилапарварлик ва ўз касбидан ифтихор туйғусини шакллантиришга қаратилган. Тадбирда ходимлар фарзандларини иш жойига олиб келиб, хизмат хоналари билан яқиндан таништирди. Сўнгра янги бунёд этилган Наманган вилояти Қўғирчоқ театрида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо асари асосида саҳналаштирилган “Алишербек ва Хусайн” спектаклини томоша қилишди.

Шунингдек, Наманган тарихи ва маданияти музейига ўтказилган экскурсия ҳам прокуратура ходимлари ва уларнинг фарзандларига маънавий озуқа берди. Ҳар бир ўғил- қиз Наманган тарихига оид ҳужжатлар ва музей экспонатлари ҳақида батафсил маълумот олди.

Тадбир якунида прокуратура ходимлари фарзандлари билан биргаликда Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида маданий ҳордиқ чиқарди.

Мазкур хайрли тадбирлар ўз навбатида ходимларнинг иш билан бир қаторда оила масъулиятини чуқур ҳис этиши, асосийси, фарзандлар тарбиясига доимий эътиборли бўлишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири