Янги “Leore Hotel” фойдаланишга топширилди
Наманган шаҳрида “Leore Hotel” меҳмонхонасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Наманган вилоятида кейинги йилларда сайёҳлар оқими ортиб бормоқда. Айниқса, айни кунларда давом этаётган 65-халқаро “Гуллар фестивали” доирасида ўтказилаётган турли маданий кўнгилочар тадбирларга миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ташриф буюрмоқда.

Туристлар кўлами ортишини назарда тутган ҳолда, вилоятда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхоналарни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда ўнлаб хостел, хостел ва меҳмон уйлари келувчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Лойиҳа қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур замонавий меҳмонхона 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида 20 киши доимий иш ўрни билан таъминланди.

Тантанали маросимда қатнашган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов янги замонавий меҳмонхонанинг фаолиятини бошлаши Наманганда туризм салоҳиятини юксалтириш, меҳмонларга замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, меҳмонхона расман фойдаланишга топширилди. Тадбир давомида меҳмонлар учун яратилган қулай хоналар, сифатли хизмат кўрсатиш масканлари ҳамда барча зарур шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА