Янги ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Бугунги Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки иқтисодий тараққиёт, аҳоли бандлиги ва маҳаллалар ривожининг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ташаббуслари ўзининг юксак самарасини бермоқда. Бугун юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам замонавий технологияларга таянган янги ишлаб чиқаришлар ташкил этилиб, маҳаллий аҳоли учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда.
Бунинг ёрқин мисолини Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Тайқир маҳалласида яшовчи ташаббускор тадбиркор Баҳром Саноқулов фаолиятида кўриш мумкин. У меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги ва замонавий технологияларга бўлган қизиқиши орқали маҳаллада янги ишлаб чиқариш йўналишини йўлга қўйиб, кўплаб ёшлар учун ҳам ибрат бўлмоқда.
Тадбиркор Хитой Халқ Республикасидан юқори технологик темирга гул ва нақш босиш ускунасини олиб келиб, турли ўлчам ва шаклдаги металл листларга нафис безаклар тушириш хизматини йўлга қўйди. Мазкур технология қурилиш соҳасида, дарвоза ва панжаралар, металл эшиклар, мебел қисмлари ҳамда турли декоратив буюмлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилиб, маҳсулотларнинг ташқи кўриниши, сифати ва бозордаги рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширмоқда.

Ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш мақсадида корхонага босим остида ишлов берувчи замонавий пресс дастгоҳи ҳамда лазерли пайвандлаш станоги ҳам олиб келинди. Бу эса металлга юқори аниқликда ишлов бериш, мураккаб дизайндаги буюмларни қисқа вақт ичида тайёрлаш ва халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини яратди.
Бугунги кунда мазкур ишлаб чиқариш корхонасида 4 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлган. Энг муҳими, тадбиркор яқин келажакда фаолиятини янада кенгайтириб, қўшимча 8 та янги иш ўрни ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу эса маҳаллада бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва оилалар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нафақат Қоракўл тумани, балки Бухоро вилоятининг турли шаҳар ва туманларидан ҳам талаб тобора ортиб бормоқда. Мижозлар сонининг кўпайиши маҳсулотларнинг сифати, замонавий дизайни, мустаҳкамлиги ва рақобатбардошлиги юқори эканининг амалий исботидир.
Тадбиркор Баҳром Саноқуловнинг таъкидлашича, эришилаётган натижаларнинг асосида давлат томонидан яратилаётган имкониятлар мужассам.

—Президентимиз томонидан тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари бизга янада катта мақсадлар сари интилиш учун куч бағишламоқда. Замонавий технологияларни олиб келиш орқали маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашни, келгусида эса ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Биз учун энг катта ютуқ — мижозлар ишончи ва юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздир, — дейди тадбиркор.
Бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда тадбиркорлар “иқтисодиёт драйвери” сифатида эътироф этилмоқда. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, юқори технологияли ускуналарни олиб келиш учун қулай шароитлар яратиш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда.

Қоракўллик Баҳром Саноқуловнинг меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги ана шу эзгу сиёсатнинг ёрқин самарасидир. Замонавий технологияларга таянган ушбу корхона нафақат сифатли маҳсулот ишлаб чиқармоқда, балки маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шубҳасиз, ана шундай фидойи ва изланувчан тадбиркорлар қанча кўпайса, маҳаллий саноат шунча ривожланади, иқтисодиётимиз шунча мустаҳкамланади ва Янги Ўзбекистон тараққиёти янада жадал суръатлар билан юксалишда давом этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири