Янги иш ўринлари яратилмоқда
Олот туманидаги истиқболли лойиҳалардан бири – масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Shoh gold tekstile” корхонаси негизида ип калава ва бўз ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилганига бир йил тўлди. Корхона тумандаги “Халифа-12” кичик саноат зонасида қиймати 40 миллиард сўм бўлган трикотаж мато ва тайёр кийимлар ишлаб чиқармоқда.
Корхонага биринчи босқичда 17 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан майдони 2,2 гектар ер участкаси 10 йиллик ижара ҳуқуқи асосида ажратилиб берилган.

Шундан сўнг 31 миллиард сўм инвестиция киритиш орқали бўз мато тўқув ускуналари келтириб ўрнатилган ва ишчи ўрни 54 тага етказилган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса мато ва тайёр кийимлар ишлаб чиқарилиб, яна 60 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Корхонани тўла қувватда ишга тушириш натижасида маҳаллий бюджетга қўшимча 3 миллиард сўм тушум тушиши таъминланади. Натижада экспорт ҳажми 1 миллион АҚШ долларига, маҳаллийлаштириш даражаси эса 45 фоизга етказилади. 2023 йилдаги фаолиятидан корхона 230 минг АҚШ долларига тенг қийматда маҳсулот экспорт қилишга эришган.
Айни пайтда корхона фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш учун тўқув дастгоҳлари сонини кўпайтириб, ускуналар сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудуддаги қурилиш ишларини тўла-тўкис якунига етказиш ва лойиҳада белгиланган ишчи ўрнини таъминлаш каби масалалар режалаштирилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири