Янги институтда янги ўқув йили бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида янги ташкил этилган Наманган тўқимачилик саноати институтида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тантанали маросим ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, тўқимачилик соҳасининг етук мутахассислари, тадбиркорлар, олимлар, талаба-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросимни институт ректори, профессор Қурбанали Холиқов кириш сўзи билан очиб, янги ташкил этилган институтининг асосий вазифалари, талаба-ёшларга яратилган имкониятлар, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш жараёнлари ва истиқболдаги режалар ҳақида тўхталди.
[gallery-13451]
Шунингдек, талабаликка тавсия этилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, барча йиғилганларни қўшалоқ байрам билан қутлади. Талабаларга махсус совғалар тақдим этилди.
Совғадаги ҳар бир талаба учун тикилган махсус нимчаларга институт номи муҳрланган. Бу ташаббус орқали талаба-ёшларга ўзига хос мотивация бериш режалаштирилган бўлиб, анъана ҳар ўқув йили бошида давом эттирилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш керак, янги ташкил этилган институтда 3 та факультет, 7 та мутахассислик таълим йўналишлари мавжуд бўлиб, қарийб 1500 нафардан ортиқ йигит-қиз таълим олади. Уларга 10 дан ортиқ фан доктори, профессорлар, 40 дан ортиқ фан номзодлари-доцентлар ва 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар таълим беради. Институт янги ташкил топганига қарамай, бугунги кундаги илмий салоҳияти 60 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА