Янги ҳамкорлар ва йирик битимлар майдони
Оҳангарон шаҳридаги саноат зонасида ташкил этилган "Миллий саноат занжири” кўргазмаси самарали натижаларга бой бўлмоқда.
Биринчи кун якунларига кўра, 30 та келишувга эришилиб, умумий қиймати қарийб 212,1 миллиард сўмлик битимлар шакллантирилди.

— Мазкур кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни йирик саноат занжирларига интеграция қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, тадбиркорларни давлат харидларига кенг жалб этиш ҳамда ҳудудларда ишлаб чиқариш фаоллигини оширишга хизмат қилувчи муҳим платформалардан бири бўлди, — дейди ОКМК Инвестиция департаменти директори Мирзоҳид Комилов. — Масалан, бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда, Ушбу ишлар хорижий ҳамкорлар билан замонавий технологиялар асосида олиб борилиб, концентрат ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда маҳаллийлаштиришни ошириш, маҳаллий тадбиркорларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш занжирини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, рудани майдалаш ва саноат эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Корхона томонидан талаб юқори бўлган маҳсулотлар рўйхати ва техник талаблар очиқ тақдим этилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳамкорлик имкониятлари кенгайтирилмоқда.

Тадбир доирасида давлат харидлари тизимидаги мавжуд масалалар, тадбиркорлар мурожаатлари ҳамда амалий таклифларга бағишланган панель сессия бўлиб ўтди. Унда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги раҳбарияти, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар давлат харидларида иштирок этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар, амалий тўсиқлар ҳамда тизимни янада такомиллаштириш бўйича ўз савол ва таклифларини билдирди.Тадбиркорлар кўтарган мурожаат ва таклифлар мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан жойида кўриб чиқилди ҳамда қайд этиб олинди.

Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар давлат харидлари тизимида тадбиркорлар учун тенг ва шаффоф имкониятларни кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишга хизмат қилади.
А. Мусаев, ЎзА