Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Ҳиндистон
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 29-30 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказилиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда савдо, энергетика, кимё, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Музокара якунида икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланди.

Озарбайжон – Арманистон
31 август куни Бишкек шаҳрида ШҲТ саммити доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасида тинчлик жараёнини илгари суриш, савдо-иқтисодий ва энергетика ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Покистон
31 август куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда ҳудудлараро ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш, Хива шаҳрида Ҳудудлараро форум ўтказиш ҳамда Покистонда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларини ташкил этиш режалари илгари сурилди. Шунингдек, тўқимачилик, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон – Хитой
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида, ШҲТ саммити доирасида Хитой Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Келаси йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 35 йил тўлиши муносабати билан юбилей тадбирларини ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ва парламентлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистон “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тожикистон – Эрон
Кеча Бишкек шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, шунингдек ШҲТ доирасидаги алоқалар муҳокама қилинди.
Энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар маданий ва илмий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек Яқин Шарқ ва Эрон атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Минтақадаги можароларни сиёсий йўл билан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА