Янги давр олий дипломатияси
Ҳар бир давлат ташқи сиёсатини амалга оширишда дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратади. Олий даражадаги расмий ташрифлар нафақат ишончни мустаҳкамлайди, балки шерикликнинг янги йўналишларини ҳам белгилайди. ЎзА янги рукн орқали олий даражадаги мулоқотлар, кўтарилган масалалар ва имзоланган ҳужжатлар бўйича ҳафта давомидаги тафсилотларни тақдим этади.
Ўзбекистон – Тожикистон: Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширди. Томонлар 10 та қўшма лойиҳани бошлаб, Тожикистонда мебель ва чарм маҳсулотлари корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ва тўқимачилик ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Тошкентда турар жой ва савдо объектлари қуриш ҳамда Фарғонада консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминладилар. Шунингдек, Андижонда сут маҳсулотлари, Сурхондарёда эса мева шарбатлари ва металл брикетлар ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Қозоғистон – Россия: Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ишчи ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари мустаҳкамланиши, икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ва юқори даражадаги келишувлар самарали амалга оширилишини муҳокама қилдилар. Тоқаев Мишустиннинг ташрифи ўзаро алоқалар ривожида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.
Саудия Арабистони – Украина: 26 март куни Владимир Зеленский Саудия Арабистонида қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Маълумки, Киев минтақадаги давлатларга ҳаво ҳимояси ва дрон технологияси бўйича тажриба таклиф қилиб, шу орқали Россияга қарши урушда қўшимча қўллаб-қувватлов олишни мақсад қилган. Шунингдек, Украина Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳам мутахассислар юборган. Айни пайт РФ билан ҳарбий тўқнашув давом этяпти, тинчлик музокараси ҳозирча натижа бермаяпти.
Шимолий Корея – Беларусь: Кеча Ким Чен Ин ва Александр Лукашенко Пхеньянда ўтган саммитда дўстлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда KCNA хабар берди. Томонлар дипломатия, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Ким Чен Ин Лукашенконинг ташрифи икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Дарвоқе, Беларусь раҳбари КХДРга илк бор давлат ташрифини амалга оширди. Лукашенко эса алоқалар жадал ривожланаётгани, халқаро масалаларда позициялар яқинлигини билдирди.
Кения – Мозамбик: Кения Президенти Уильям Руто давлат уйида Мозамбик Президенти Даниэль Франциско Чапо билан учрашди. Мозамбик етакчисининг Кенияга уч кунлик давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтган суҳбатда Руто ўзаро чуқур ҳамкорлик, савдо ва иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни алоҳида таъкидлади. Мазкур ташриф икки давлат алоқаларини мустаҳкамлаш, муҳим йўналишларда шерикликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, Чапо Кенияда 25-27 март кунлари ўтказиладиган 4-Халқаро инвестиция конференциясида махсус меҳмон сифатида иштирок этади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА