Янги авлод муҳандислари юрт тараққиётининг ишончли суянчи
Олий таълимда кеча ва бугунни қиёслар эканмиз, бугун ёшларимиз кечагидан кўра бир неча баробар салоҳиятли, билимли эканликларини амалий жараёнларда, эришилаётган ютуқ ва натижаларда яққол кўриш мумкин. Таълим олиш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилди.
Аввалги даврда ўқиш ва илмий ишга ажратилиши лозим бўлган вақт баъзан бошқа вазифаларга сарфланарди. Талаба ва ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши, жиҳоз ва ўқув адабиётлари танқислиги, айниқса, илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликда жуда кўп муаммолар мавжуд эди.
Президентимиз жорий йил Андижон вилоятига ташрифи давомида таълим, саноат ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлаш, айниқса, ҳудуд учун замонавий муҳандис кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари Андижонни Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантириш вазифасини қўйди. Ушбу вазифани амалга оширишда олий ўқув юртларининг, айниқса, Андижон давлат техника институтининг ўрни ниҳоятда катта. Чунки ҳудудда янги саноат лойиҳалари кўпайиб борар экан, уларга замонавий билим ва амалий кўникмага эга муҳандислар керак бўлади.
Ташриф доирасида Андижонда умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳаси тақдим этилди. Шундан 2,05 миллиард долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, умумий қиймати 7,35 миллиард долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди. Ана шу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, логистика ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Бугунги кунда Андижон давлат техника институтининг 3–4 босқич талабалари Асака автомобиль заводи, «Андижон Жинлун» ва «Cambel» электробус заводи сингари 30 дан ортиқ йирик корхона ва ташкилотда амалиёт ўтаб, тажриба оширмоқда. Айрим талабалар ўқиш билан бирга ишлаб, яхшигина даромад топаётгани ҳам, эътиборга молик.
Андижонни Фарғона водийсининг муҳандислик марказига айлантириш ташаббуси дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматларини ривожлантириш вазифасини илгари суради. Ташаббусни муваффақиятли амалга ошириш учун университет, институт, техникум ва илмий гуруҳ бир-бирига аниқ буюртма бера оладиган, ўзаро қатъий ҳамкорлик ўрнатилиши муҳимдир.
Андижон туманидаги «Ипак йўли» саноат зонасида «Андижон-Хуаня» халқаро техникуми ташкил этилганлиги ана шу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Умумий қиймати 15 миллион долларлик лойиҳа доирасида 5 минг ўқувчига мўлжалланган бино барпо этилади, ҳозирда техникумда 250 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. 2030 йилга бориб жами ўқувчилар сонини 4 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Тўқимачиликдаги ўзгаришлар ҳам таълим мазмунини янгилашга ундайди. Масалан, Андижондаги «Eco Cotton» корхонасида мато турига қараб тикув жараёнини созлайдиган сунъий интеллектли ускуналар ўрнатилган. Корхонада йилига 30 турдаги 9,4 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Бундай линия учун энди фақат тикувчиликни эмас, сенсор, дастур, техник хизмат, сифат ва меҳнат хавфсизлигини яхши тушунадиган кадрлар керак.
Шу ўринда илғор технологияларни ўзлаштириш, хорижий таълим жараёнлари билан яқиндан танишиб бориш учун халқаро тажриба, ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир. Бу борада институтимиз Шимолий Хитой технология университети билан ҳамкорлиги доирасида 22 нафар талаба қўшма дастурларни тамомлагани, ахборот тизимлари ҳамда мехатроника ва робототехника бўйича янги 2+2 дастури режалаштирилаётгани, албатта, ижобий натижадир.
Шу ўринда «Биринчи курс - биринчи корхона» дастурини йўлга қўйиш керак. Яъни ушбу дастурда ҳар бир янги талабага биринчи семестрда йўналишига мос корхонани танлаш имкони берилади. Шунингдек, корхонадаги «устоз муҳандис»ни ўқув гуруҳига бириктириш. Шу билан бирга «бир корхона - бир амалий масала» тамойилини йўлга қўйиш. Корхона ўзига керак бўлган энергия тежамкорлиги, сифат назорати, меҳнат хавфсизлиги ва жараённи автоматлаштириш каби аниқ муаммони тақдим этади. Олийгоҳ лабораторияси уни талаба лойиҳаси ёки битирув иши сифатида ўрганади. Ҳар бир лойиҳа якунида синов натижаси, харажат ва жорий этиш имконияти кўрсатилади.
Яна «Андижон-Фарғона водийси муҳандислик маркази» ташаббуси доирасида кичик тажриба лойиҳалари танловини ўтказиб бориш лозим. Танловга университет, институт, техникум ва корхона жамоалари томонидан тақдим этадиган энергия тежамкорлиги, эҳтиёт қисм, рақамли назорат ёки хавфсиз ишлаб чиқариш бўйича аниқ муаммоларни, уларнинг ечимини кўрсатган лойиҳа, илмий ишланмалар, шубҳасиз, мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Маълумки, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан илгари сурилган етти миллий дастурнинг биринчиси - билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга бағишланган. Демак, ана шу жараён, хусусан, биз тарбиялаётган билимли, малакали ёшлар мамлакатимиз иқтисодиётини, жамиятимиз тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқадиган янги авлод муҳандислари бўлиб майдонга чиқади.
Абдурашид АБДУРАҲМОНОВ,
Андижон давлат техника институти профессори.
ЎзА