Яна бир хорижий нашр Ўзбекистон салоҳиятини эътироф этди
Туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон учун янги бозор ва сармоя имкониятини очмоқда. Туркиянинг инглиз тилидаги “Daily Sabah” нашри Анқарадаги XIII саммит арафасида мамлакатимизнинг минтақавий иқтисодий алоқалардаги ўрни, саноат кооперацияси ва экспорт истиқболини таҳлил қилди.
Нашр келтирган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳосига кўра, мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо мамлакатларга қўшимча экспорт салоҳияти 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Шундан 1,8 миллиард доллари Туркия, 500 миллион доллари Қозоғистон, 200 миллион доллари Венгрия ва 100 миллион доллари Қирғизистон бозорига тўғри келади.
Мақолада республикамизнинг тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё ва озиқ-овқат саноатидаги имконияти минтақавий ишлаб чиқариш занжирини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида кўрсатилган. Шунингдек, 2017-2025 йилларда ташкилотга аъзо давлатлардан юртимизга 11,5 миллиард доллардан кўп сармоя киритилгани, ушбу миқдорнинг 3,8 миллиард доллари ўтган йил ўзлаштирилгани қайд этилган.
Транспорт-логистика ва рақамли интеграция ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим йўналишлари сифатида баҳоланган. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини Транскаспий халқаро транспорт йўлаги билан боғлаш, божхона тартибини соддалаштириш ҳамда рақамли маълумот алмашинувини кенгайтириш экспорт имкониятини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Таҳлилда Ўзбекистоннинг “Рақамли туркий йўлак”ни шакллантириш, сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва Тошкентда технологик форум ўтказиш ташаббусларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
“Daily Sabah” таҳлилида мамлакатимизнинг минтақавий ҳамкорликдаги салоҳияти нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги бозорларни эгаллаш ва халқаро транспорт тармоғидаги мавқеини мустаҳкамлаш билан ҳам белгиланишига урғу берилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА