Яна бир имконият эшиги очилди (+видео)
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида яна бир замонавий спорт иншооти – падел майдончаси қад ростлади. Мамлакатимизда оммавий спортни кенг ёйиш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ва замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар доирасида барпо этилган мазкур иншоот ҳудуд аҳолиси, айниқса ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Ушбу майдонча спорт вазири Адҳам Икромов ва Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги республика ишчи гуруҳининг туманга хизмат сафари чоғида берилган топшириқлар ижроси доирасида Миллий олимпия қўмитаси маблағлари ҳисобидан барпо этилди.
Бугун мамлакатимизда спорт нафақат мусобақалар майдони, балки соғлом жамиятни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар қамровини кенгайтириш, спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Зарбдордаги янги иншоот ана шу эзгу мақсадлар рўёби йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Вилоятда илк бор ташкил этилган мазкур спорт мажмуасининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, спорт бошқармаси масъуллари, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
[gallery-29881]
Таъкидлаш жоиз, падел дунёда жадал оммалашаётган замонавий спорт турларидан бири ҳисобланади. У теннис ва сквош (деворли теннис) элементларини ўзида мужассам этган бўлиб, махсус ракеткалар ёрдамида деворлар билан ўралган майдонда ўйналади. Шу боис “падел теннис майдончаси” деганда айнан ушбу спорт тури учун халқаро талаблар асосида қурилган махсус майдон тушунилади. Қизиқарли ва динамик ўйин хусусияти туфайли падел ёшлар ҳамда катталар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги майдонча аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва спорт оммавийлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Маросим давомида меҳмонлар майдонда яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди. Мутахассислар иншоотнинг техник имкониятлари ва жиҳозланиши халқаро талабларга жавоб беришини қайд этишди.
<iframe width="830" height="467" src="https://www.youtube.com/embed/Ht7xNDk4Zo4" title="Yana bir imkoniyat eshigi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари