Яна алифбо масаласи: тўғри қарор қилиндими?
Хабарингиз бор, ўтган ҳафта сўнгида узоқ кутилган лотин ёзувига асосланган алифбони такомиллаштиришга қаратилган қонун Сенат томонидан қабул қилинди. Миллатнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланган тилнинг то шу кунгача босиб ўтган йўлини айниқса тилшунос олимларимиз яхши билишади. Айрим товушларни асл ҳолида сақлаб қолиш жараёни осон кечмагани ҳам рост. Аслида лотин ёзуви яқин юз йил ичида иккинчи бор қайтиб келди, дейиш мумкин. Ва ниҳоят, бугун такомиллаштириш билан боғлиқ масала қонун билан ҳимояланди.
Тўғри, товушлар ўзимизники, ҳарфларимиз ҳам бир либос каби,фақат ҳаммаси мутаносиб бўлса, нур устига аъло нур. Халқимиз ўз тарихи мобайнида кўплаб ёзувлардан фойдаланган. Туркийларнинг ўз ёзуви бўлган, Ўрхун-Энасой (Руник) алифбоси-да бой тарихимизнинг ажралмас бўлаги. Истилолар оқибатида араб ёки рус алифбосидан узоқ муддат фойдаландик, миллий товушларимизни ифодаловчи ҳарфлар ясаб олишга ҳам тўғри келди.
Мавзу юзасидан филология фанлари доктори Ғофир Ҳамроевга мурожаат қилиб, алифбога киритилган ўзгаришлар ҳақидаги фикрини сўрадик.
– Ҳозир дунё аҳолисининг 30 фоизидан кўпи лотин ёзувида иш юритади. Жадид боболаримиз саъй-ҳаракати туфайли амалга кирган бу алифбо 2-марта қабул қилингандан кейин 33 йил ўтди ва шу орада 2-бор ислоҳотга муҳтож бўлиб турибди. Муҳокамага қўйилиб, ниҳоят бир ёқадан бош чиқариб тасдиқланаётган алифбода 4 ҳарф (ш – ş, ч – ç, ў – ö, ғ – g) шаклига ўзгармоқда. Жиддий муҳокама чоғи билиб-билмай муносабат билдирувчилар ижтимоий тармоқ орқали сувни лойқалатишга уринганини ҳам кўрдик. Бу борада айнан мутахассислар фикри асосли ва ҳал қилувчи бўлиб қолдими?
– Алифбо ислоҳоти бўйича муҳокама ҳамон қизғин давом этяпти, кимдир куйинчаклик билан асосли фикр-мулоҳаза билдирмоқда, айримлар вазиятдан фойдаланиб қолишга уриняпти, кўпчилик блогерлар жараёнга обуначилари сонини ошириш умидида ёндашяпти: “қассобга ёғ қайғуси” қабилида.
Айни масалада жамоатчилик фикри ва муносабатидан кўра мутахассислар хулосаси муҳимроқ деб ўйлайман. Узоқ давом этган муҳокамадан кейин чиқарилган қарорни қўллаб-қувватлаш керак. Зеро, таклиф қилинаётган 4 ҳарф қуйидаги имкониятларни яратади:
– ўзбек тилининг компьютер технологиялари билан интеграциялашувини осонлаштиради;
– клавиатурада ў, ғ ҳарфлари ёзилишини осонлаштиради, вақтни тежайди;
– ш, ч, ў, ғ ҳарфлари ўрнига таклиф қилинган ş, ç, ö, g ҳарфлари кам жой олиши ҳисобига қоғоз сарфи ҳам тежалади, экологияга камроқ зарар етади;
– туркий халқлар ўртасидаги илмий, маданий, маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, умумтуркий алифбо ва туркий бирлик манфаатига ҳам мос келади.
– Адашмасам олимларимиз товушлардаги ўзига хослик билан боғлиқ баъзи жиҳатларни ҳам эътиборга олган...
– Муҳокамада (нг) ҳарфий бирикмаси ҳамда унлилар масаласи қайта-қайта таъкидланмоқда. Аксар олимлар ўзбек тилида унли 6 та эмас, 9 та дея таъкидлаши ўринли. Ҳақиқатан, товушларимиз мавжуд 6 графемага сиғмайди. Бинобарин, уч йирик лаҳжадан иборат халқ манфаати учун кўпроқ қипчоқ лаҳжасида учрайдиган u, i, o‘ фонемаларининг бошқа товушлар таъсирида ифодалаётган оҳанг(вариант)ларига алоҳида графема бериш таълим жараёнини мураккаблаштиради. Дунё тажрибасида бу масала ўқитиш методикаси билан ҳал қилинади. Масалан, бугун дунё аҳли осон ўрганиб олаётган инглиз алифбосида ҳам 6 унли ҳарф 10 дан ортиқ товушни ифодалайди.
(нг) ҳарфий бирикмаси кўп муҳокама қилинганига қарамай, сўнгги хулосага кўра, алифбода акс этмади. Бу алифбо яратишдаги “бир товушга бир ҳарф” тамойили натижаси. Ўзбек тилини бошқа миллат вакилларига ўқитишда муайян муаммолар учраши инобатга олинса, бу масалани ҳам ўқитиш методикаси орқали ҳал қилиш мумкин.
Шу ўринда тилшунослар олдида яна бир муҳим вазифа борлигини таъкидлаш ўринли. Ўзбек тилида бугун муаммоли бўлиб турган ҳ, х, ў товушлари фарқланиб, қайси товушдан олдин ёки кейин шундай айтилишига доир қоида яратилса, фонетика ўқитиш масаласи енгиллашган бўлар эди.
Умуман, қабул қилинаётган, такомиллашган алифбо халқимизга қулайлик, енгиллик беради, бирдамликни таъминлайди.
Ҳа, шундай. Тилимиз бой ўтмишимизга муносиб тарзда ривожланган, барча соҳалар учун кенг қамровли бўлиб қолиши керак. Лотин ёзувига асосланган қардош халқлар ўзаро муносабатида ҳам бу жараён жуда муҳим.
ЎзА мухбири Абдуғафур Маматов суҳбатлашди.