Ямандаги уруш туфайли 130 000 одам уйини тарк этган
БМТ Ямандаги ҳарбий ҳаракат кескинлашуви ва хусийларнинг Саудия Арабистони аҳолиси ва энергетика инфратузилмасига уюштирган ҳужумини кескин қоралади.
Ташкилот расмий вакили Стефан Дюжаррик томонларни босиқликка, халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрига риоя қилишга чақирди. Яман бўйича махсус элчи Ханс Грундберг эса инқирозни бартараф этиш мақсадида Масқатда Ўмон мулозимлари ва хусийлар вакиллари билан музокара олиб бормоқда.
Ҳарбий ҳаракат кучайиши ортидан Яманда сўнгги йиллардаги энг йирик гуманитар инқироз кузатилмоқда. Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда 130 000 га яқин одам уйини тарк этишга мажбур бўлди, 3 100 аҳоли Қизил денгиз орқали Жибутига қочиб ўтди.
Тўқнашув давомида тиббиёт муассасалари ва тез ёрдам машиналари ҳужумга учраб, шифохоналарда дори-дармон етишмовчилиги юзага келди. Баъзи ҳудудларда йўл, алоқа тизими зарар кўргани боис инсонпарварлик ёрдамини етказиш қийинлашган.
Шунга қарамай, БМТ агентликлари аҳолига шошилинч ёрдам тўплами ва тиббий буюм етказиб беришни давом эттирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА