Ялпи мажлис ўз ишини бошлади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бошланди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Видеоконференцалоқа шаклида икки кун (28-29 май кунлари) мобайнида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Жумладан, “Транспорт тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ва бошқа қатор қонунлар муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тўғрисидаги масала кўрилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йил биринчи чораги якуни бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.
Ялпи мажлисда таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш, шунингдек, бошқа масалалар кўриб чиқилиши ҳам режалаштирилган.
Н.Насриев, ЎзА