“Якуб Колас аудиторияси” очилди (+видео)
Инсон тақдири уни не йўллардан олиб ўтмайди. Беларусь халқининг севимли шоири Якуб Колас бир пайтлар Ўзбекистонда яшаб ижод қилган. Иккинчи жаҳон уруши йиллари ўн минглаб беларуслар қаторида у ҳам бу қуёшли ўлкани макон қилди. Ўзбекистон халқининг меҳрли, қайноқ бағридан паноҳ топди. Ўшанда у Ўзбекистоннинг кенг ва бепоён тоғу боғлари, экинзору дарёлари, меҳмондўст ва меҳнатсевар халқини оғасидек билди.
Бошим узра ўзга осмон,
Чодир ёзар кенг, беармон.
Баҳор яшнаб келган замон
Кўз олдимда сен намоён,
Ўзбекистон!
деб ёзган эди у шеърларидан бирида.

Урушда кескин бурилиш ясалиб, фашистлар беларусь тупроғидан ҳайдаб чиқарилгач, шоир яна ватанига қайтди ва мардонавор халқнинг жасоратини куйлаб ўтди.
Якуб Коласнинг “Янги ер” поэмаси, “Масофада” трилогияси, “Ҳаёт кенгликларида” қиссаси каби асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Жумладан, ўзбек тилига ҳам.

Фарғона давлат университети ҳамиша янги-янги ташаббуслар билан чиқади. Бу гал ҳам у адабиётчи муаллим ва олимлар тайёрлайдиган бўлимда “Якуб Колас аудиторияси”ни ташкил этди. Бу ерга беларусь шоири ҳаёти ва ижодига бағишланган экспонатлар қўйилган.

– Беларусь адабиётининг икки буюк сиймолари бор: Янко Купало ва Якуб Колас. Ўзбекистон халқи буюк беларусь шоири Якуб Колас номини иззат билан хотирлаётгани учун чин юракдан миннатдорчилик билдирмоқчиман, – дейди Гродно давлат университети ректори Ирина Китурко. – Қолаверса, урушнинг оғир дамларида беларусь халқига уйи тўрини берган ўзбекистонликлардан биз бир умр қарздор эканлигимизни хеч қачон унутмаймиз. Ўша йиллари Тошкентда яшаган Якуб Колас ўз шеърларида буни ёрқин сатрлар ила изҳор этган. У Ўзбекистонни қалбимда олиб кетаяпман, деган эди.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, “Якуб Колас аудиторияси” Фарғонада ўтаётган “Инновацион ҳамкорлик: олий ва касбий таълим масалалари бўйича Ўзбекистон ва Беларус форуми” доирасида тантанали равишда очилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6ZKk1giuFhE" title="“Yakub Kolas auditoriyasi” ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео,сурат), ЎзА