Яккасарой туманида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
Маънавияти юксак жамиятда салбий иллатлар ҳам кам бўлади. Шу мақсадда мамлакатимизда китобхонлик, раҳбар ва ёшлар муносабати янги босқичга кўтарилмоқда. Шунингдек, масъулларнинг маҳаллабай тизими асосида олиб бораётган фаолияти салбий иллатлар ёки жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг амалий давоми ўлароқ, Яккасарой туманидаги Армуғон ва Бошлиқ маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов бошчилигида таҳлилий йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва профилактика ишларини янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти масъуллари, туман ИИО ФМБ бошлиғи Алишер Муродов, ҳоким ўринбосарлари ҳамда "маҳалла еттилиги" аъзолари иштирок этди.

Таҳлиллар давомида Армуғон ва Бошлиқ маҳаллаларида профилактика тадбирларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёшлар билан тизимли ишлаш ҳамда ҳамкор ташкилотлар фаолиятини янада мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида масъул ташкилотлар раҳбарларига ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Бу каби амалий чоралар тизимнинг изчиллигини таъминлаш билан бирга аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов
ЎзА