Яккабоғда улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилади
Жорий йилнинг 5 октабрь куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Қорабайир отчилик мажмуасида “Ўзбекистон отлари” кўргазмаси бўлиб ўтади. Ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш, миллий отчилик анъаналарини кенг тарғиб этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ташкил этилди.
Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов раислигидаги йиғилишда кўргазманинг мазмун-моҳиятини тўлақонли намойиш этиш, иштирокчилар ва меҳмонлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тадбирга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қорабайир отчилик мажмуасининг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, миллий отчилик анъаналари, тулпорларнинг зотлари ва кўргазмали чиқишларни меҳмонлар ва сайёҳларга намойиш этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, кўргазма дастурида тарихий-маданий меросимизни кенг тарғиб этишга қаратилган театрлаштирилган саҳна кўринишларини ўринли ва таъсирчан тарзда намойиш этиш масаласига эътибор қаратилди.
Хусусан, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур сиймосини гавдалантирувчи театрлаштирилган чиқиш орқали аждодларимизнинг отчилик ва ҳарбий анъаналари, чавандозлик маҳорати ҳамда миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида “Ўзбекистон отлари” кўргазмаси доирасида 6 октябрь куни Яккабоғ туманининг Хўжаилғор қишлоғида Амир Темур таваллуди санасига бағишлаб улоқ-кўпкари мусобақасини ўтказиш режалаштирилгани айтиб ўтилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир йўналиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА