Яккабоғда уч ойлик иш ҳақи ундириб берилди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида хусусий мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисининг бир неча ойдан буён тўланмай келаётган иш ҳақи мурожаат асосида ундириб берилди.
Маълум қилинишича, туманда яшовчи В.Ҳ. хусусий “Жажжи олмосчалар” мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаб келган. Бироқ унга 2026 йил давомида уч ойлик иш ҳақи тўланмаган.
Фуқаро мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат мутасаддилар томонидан ўрганилиб, таълим муассасаси раҳбарияти билан суҳбат ўтказилди ҳамда қонунчилик талаблари тушунтирилди.
Кўрилган чоралар натижасида тарбиячига тегишли бўлган уч ойлик иш ҳақи – 9 миллион сўм маблағ тўлиқ тўлаб берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий кафолатлар билан боғлиқ масалаларни қонуний ҳал этишда мурожаатлар билан ишлаш муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА