XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Бугунги ахборот оқими тобора тезлашиб, рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бораётган бир пайтда китоб мутолааси, билим олиш ва маънавий камолотга интилишнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Шу маънода, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, кутубхоналар фаолиятини замон талаблари асосида ривожлантиришга қаратилаётган эътибор муҳим ижтимоий аҳамият касб этмоқда.
Бухорода “INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026” XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ва идоралар вакиллари, кутубхона соҳаси мутахассислари, олимлар, ижодкорлар, нашриёт ходимлари ҳамда китобхонлар иштирок этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров Бухоронинг қадимдан илм-фан, маърифат ва зиё маскани сифатида шаклланган бой тарихига алоҳида тўхталди. Вилоятда кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш, замонавий кутубхона биноларини барпо этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ёш авлодни мутолаага ошно этиш ҳамда кутубхоналарни замонавий маърифат марказларига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар кутубхоналарнинг фақат китоб сақланадиган жой эмас, балки билим, ахборот, ижодий мулоқот ва маънавий камолот маскани сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева ўз нутқида Бухоронинг тарихан илм-фан ва тафаккур маркази сифатидаги ўрнига тўхталиб, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказининг 105 йиллик тарихи, бой маънавий мероси ва нодир нашрлар фонди ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, кутубхоначилик соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар, замонавий талабларга мос хизматлар ва соҳа мутахассислари меҳнатининг аҳамиятини эътироф этди.
Ҳафталик доирасида “Маърифат маскани — 105 йил: тарихдан келажакка сари, маърифат билан ҳамқадам!” мавзусида илмий конференция ҳам ташкил этилди.
Унда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказининг бир асрдан зиёд тарихий тараққиёт йўли, ноёб китоблар ва қўлёзмалар фонди, миллий маънавий меросни асраб-авайлаш борасидаги фаолияти, шунингдек, кутубхоначилик соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида маърузалар тингланди. Иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашиб, соҳани янада ривожлантиришга доир таклифларини билдирдилар.

Айтиш жоизки, Бухоро каби кўп асрлик илм-маърифат анъаналарига эга шаҳарда бундай нуфузли тадбирнинг ўтказилиши алоҳида мазмун касб этади. Зеро, бугун тарихий меросни асрашнинг ўзи кифоя эмас, уни замонавий билим ва ахборот имкониятлари билан бойитиб, келажак авлодга етказиш ҳам муҳим вазифадир.
“INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026” ҳафталиги ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши, кутубхоначилик соҳаси вакилларини бир майдонда бирлаштириши, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиши билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, у ёшларни китоб билан дўстлашиш, мустақил фикрлаш ва доимий изланишга ундайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири