“World Tribune Pakistan”да дунё ёш парламентарийларининг Самарқанд глобал конференцияси ҳақида ёзилди
Покистоннинг “World Tribune Pakistan” нашрида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясига бағишланган материал эълон қилинди.
Унда жорий йилнинг 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Мураккаб даврда барча учун шахсий ҳуқуқ, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” мавзусида Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтиши маълум қилинган.
Нашрга кўра, нуфузли анжуманда 183 мамлакат вакиллари, 15 халқаро ташкилот, 50 нафарга яқин доимий кузатувчи ҳамда 300 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Конференция доирасида бугунги кунда ёшлар дуч келаётган долзарб муаммолар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.
Конференция доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрнига бағишланган халқаро форум ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА