“Wire & Tube Düsseldorf 2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон салоҳияти намойиш этилмоқда
Бугун Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида “Wire & Tube Düsseldorf 2026” халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилмоқда.
Унда кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам электроника ва электротехника соҳасидаги салоҳиятини намойиш этмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Wire & Tube Düsseldorf 2026” кўргазмаси кабель, сим, қувур ва металлургия саноати йўналишида дунёдаги етакчи компанияларни бирлаштирувчи йирик халқаро платформалардан бири ҳисобланади.
–Кўргазма доирасида Ўзбекистон корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган кабель-сим маҳсулотлари, замонавий электротехника ечимлари ҳамда саноат салоҳияти халқаро бозор иштирокчилари эътиборига тақдим этилмоқда. Тадбир миллий ишлаб чиқарувчилар учун ўз маҳсулотларини глобал майдонда намойиш этиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим имконият ҳисобланади. Шунингдек, тадбир давомида хорижий компаниялар билан икки томонлама музокаралар ўтказиш, янги ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш бўйича келишувларга эришиш режалаштирилган, – деди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма 17 апрель куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА