WBAга профессионал боксда тақиқ қўйишмоқчи...
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси(WBA) профессионал бокснинг “ўйин майдони”дан чиқиб кетишига бир баҳия қолмоқда, дея хабар тарқатмоқда vRINGe.com сайти.
Боксчилар комиссияси ассоциацияси(АВС) WBAни чемпионлик камарларини кўпайтириб юборганликда, рингга “алоқаси бўлмаган” кишиларнинг ҳакамликка тайинланишида, профбоксни коррупцион тизимга айлантирганликда айблаган.
WBA президенти Гилберто Мендоза журналистларга берган интервьюсида “ҳақиқатан WBA бугунги кунда чуқур иқтисодий таназзулни бошдан кечирмоқда. Ишонаманки, ҳаммаси изга тушади. Бу бизнинг катта бокс оламидан чиқиб кетишимизгача олиб бормайди”, дея таъкидлаган.
Ўз навбатида, АВС раҳбари Майк Маззулли ўтказилган мусобақалардаги ноҳақликлар, берилган тавсияларни қабул қилмаслик, чемпионлик йўналишларининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши, коррупцион тузилмалар профессионал бокснинг энг қадимги ташкилоти бўлган WBAни банкротликка олиб келишини айтиб, бу профбокснинг халқаро федерациялари сони биттага камайишига хизмат қилишига эътибор қаратган.
Хабарингиз бор, профессионал бокс WBA йўналишининг ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев жаҳон чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, ушбу йўналишнинг бир қатор вазнларида истеъдодли боксчиларимиз Шаҳрам Ғиёсов, Шоҳжаҳон Эргашев, Исроил Мадримов, Ҳасанбой Дўсматов рейтинг кўрсаткичи бўйича жаҳон чемпионлигига даъвогар боксчилар саналишади.
WBA осмонида қора булутларнинг пайдо бўлиши нафақат ўзбекистонлик, балки жаҳон чарм қўлқоп оламида юқори мавқеига эга бўлган америкалик Энтони Жошуа, россиялик Дмитрий Бивол, мексикалик Сауль Альварес, британиялик Жош Тейлор, япониялик Хирото Кёгучи каби бокс юлдузларининг қайноқ фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агарки, WBA дунё бокс саҳнасини тарк этса, юзлаб чемпионлар ва энди-энди профбоксда ном қозонаётганлар “ҳеч ким”га айланиб қолиши, шубҳасиз.
Yahoo!Sports нашри келтирган муносабатда эса қуйидаги фикрлар илгари сурилган: АВС ва WBA ўртасидаги мунозара узоқ давом этадиган жараён. Лекин эътирозлар ўринли. Аммо жаҳон профессионал бокс олами WBAсиз “кемтик ва кўримсиз” бўлиб қолади. Шу маънода, WBAни ислоҳ қилиш орқали профбокс сафида бузилмасликка эришиш бугунги дунё бокс инфратузилмаси ва унинг спортчилари учун энг мақбул йўлдир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА