Волонтёрлар сафини кенгайтирувчи муҳим келишувга эришилди
Бугунги кунда волонтёрлик нафақат жамоат ишларида фаол иштирок этиш, балки жамиятда меҳр-оқибат, бирдамлик ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлайдиган муҳим ҳаракатга айланиб бормоқда.
Айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда волонтёрликнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Шу маънода Миллий гвардия ва Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Пойтахтда бўлиб ўтган учрашувда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, волонтёрлик ҳаракатини янада ривожлантириш ҳамда фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов ҳамда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси директори Ширин Абидова ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашув давомида Янги Ўзбекистон ёшларини юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, фуқаролик масъулияти ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, волонтёрлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашувчи фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида волонтёрлик соҳасига оид истиқболли лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти ҳам ўтказилиб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур меморандум икки томоннинг ёшлар билан ишлаш, ижтимоий фаолликни ошириш ва жамиятда волонтёрлик маданиятини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА