Водий тажрибаси оммалаштирилади
Президент топшириғи – амалда
Жорий йил 20 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тегишли масъулларга бир қанча топшириқлар берилди. Жумладан, Янгийўл тумани ҳокимига ҳам маҳалладаги еттилик фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада водий вилоятлари билан тажриба алмашиш топшириғи берилган эди.


Шу кунларда Янгийўл тумани ҳокими Одилжон Атауллаев бошчилигидаги делегация Фарғона ва Андижон вилоятларининг бир қатор ҳудудларида бўлиб, маҳаллалардаги еттиликлар фаолияти, шунингдек, ишсизлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кўрсатилаётган ёрдамлар борасидаги ишлар билан танишмоқда.
Янгийўлликлар дастлаб Фарғонанинг Қува шаҳри ҳамда Олтиариқ туманидаги боғдорчилик, кўчатчилик ва гулчилик соҳасида ўзига хос тажрибага эга бўлган мактаб билан танишди. Меҳмонлар Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги туризм ва саноатга ихтисослашган Янгиҳаёт маҳалласида ҳам бўлиб, ҳоким ёрдамчиси томонидан ташкил қилинган 12 та микролойиҳа асосида амалга оширилаётган ишларни кузатди.



Шунингдек, бир сотих ер томорқасидан юқори даромад олаётган Салоҳиддин ота Усмонов хонадонидаги “вешенка” навли қўзиқорин етиштириш тажрибаси билан қизиқди. Кичик жойдан унумли фойдаланиб юқори ҳосилдорликка эришиб, яхши даромад олаётган отахоннинг бу оилавий тадбиркорлигини Янгийўл туманида оммалаштириш режалаштирилди.
Ҳозир Янгийўл туманидаги 748 нафар ногиронлиги бўлган шахсни даромадли меҳнат билан банд қилиш режалаштирилган. Яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида улар яхши фойда келтирадиган тадбиркорлик йўналишларига жалб қилинади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири