Виртуал хатар ва “оммавий маданият”
Экспертлар фикрига кўра, ер юзи аҳолисининг 40 фоизга яқини деярли ҳар куни интернетдан фойдаланади.
Экспертлар фикрига кўра, ер юзи аҳолисининг 40 фоизга яқини деярли ҳар куни интернетдан фойдаланади. Ҳозирги кунда глобал тармоқдаги энг кўп мурожaат қилинадиган веб-саҳифаларнинг 23 таси ижтимоий тармоқлар сирасига киради.
ХХI-асрга келиб, инсониятни таҳликага солиб келган ядровий уруш хавфни эндиликда ахборот хуружлари эгаллади. Улар инсон онги ва тафаккурига таъсир ўтказишнинг энг осон ва кам чиқим усули бўлиб, яхлит бир жамиятни парокандаликка олиб келади.
Хавотирнинг нақадар асосли эканини исботлаш учун мавжуд рақамларга эътибор қаратиш кифоя. Айни вақтда глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайтлар мавжуд бўлса, уларнинг 49 фоизи компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилаяпти. Дунёдаги 41 фоиз болалар ва ўсмирлар онлайн тарзда тарқатилаётган порнографик мазмундаги манбалар таъсирига тушиб қолмоқда. Халқаро экспертлар дунё миқёсида 40 фоизга яқин бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 25 фоизи миллатчилик характеридаги веб-сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда.
Бу нарса миллионлаб инсонлар, айниқса, ёшларни ўз домига тортаётгани хавотирлидир. Ушбу рақамлар дунё миқёсида олинган бўлиб, улар орасида бизнинг ёшларимиз ҳам борлигини асло унутилмаслик лозим.
Бугун дунё аҳолисининг аксарияти қандай мазмундаги ахборот бўлишидан қатъий назар, уни асосан интернетдан олишга ҳаракат қилади. Бир қарашда бу жуда осон усул бўлиб, энди соатлаб китоб варақлаб, зарур маълумотни минг машаққатлар билан излашга ҳожат йўқ.
Юртимизда бугунги кунда ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликларга дунёнинг ривожланган давлатлари ҳавас билан қарамоқда. Шундай бўлса-да, биз бир зум бўлсин, бепарволикка берилмаслигимиз ёшлар орасида интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини мунтазам юксалтириб боришимиз, энг муҳими, ундаги ҳар бир жиҳатга онгли равишда муносабат билдира олиш кўникмаси талаб этилади.
Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ахборот хуружи орқали таъсир кўрсатишга уринаётган кимсаларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялар ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш ва англаш осон эмас.
Биз ёшларимизни ғарбнинг “оммавий маданият”идан сақлаш йўлида уларга миллий урф-одатлар ва қадриятларимизни сингдириб боришимиз, зарарли ахборотларни фойдалисидан ажрата олиш кўникма ва малакаларини шакллантиришимиз лозим бўлади.
Ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан, уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида 2017 йил 8 сентябрда 27 модда ва IV бобдан иборат бўлган “Болаларни уларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун қабул қилинди.
Қонуннинг мақсади ёшларни “оммавий маданият” хуружидан сақлаш, ёшига мос ахборотни олиш, кўриш, томоша қилиш, ўқишда ҳимоя қилиш вазифасидан иборат. Масалан, қонуннинг 17 моддасида ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи қуйидагича: 7 ёшга тўлмаган 0+, 7 ёшга тўлга 7+, 12 ёшга тўлган 12+, 16 ёшга тўлган 16+ кўринишда ифода этилган. 18+ белгиси қўйилган фильмлар ва кўрсатувларни кўришини ота-оналаримиз эътибор ва назоратга олиши лозим.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда:
- Унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги;
- Муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотнинг идрок этилиш хусусиятлари;
- Ундаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли баҳоланади.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи тўғрисидаги маълумотлар ушбу маҳсулотларга ахборот маҳсулоти ёшга оид таснифининг тегишли белгисини жойлаштириш учун асос бўлади.
Ш.Мадримов,
Янгийўл туман Халқ таълим бўлими
аниқ фанлар методисти