Вилоят суди раиси кубоги
Наманганда мини-футбол бўйича “Наманган вилояти суди раиси кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг судьялари, ходимлари ҳамда вилоят прокуратураси жамоалари иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг дастлабки босқичида майдонга чиққан 12 жамоа орасидан саккиз жамоа курашни давом эттирди. Ярим финалда вилоят судининг биринчи жамоаси Учқўрғон тумани судлари жамоасини 3:1 ҳисобида, вилоят прокуратураси жамоаси Янгиқўрғон тумани судлари жамоасини 7:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди.

Ҳал қилувчи ўйинда вилоят прокуратураси жамоасини 4:2 ҳисобида таслим этган вилоят суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда янгиқўрғонлик ҳамкасбларини йирик – 10:2 ҳисобида тор-мор қилган Учқўрғон тумани судлари жамоаси зафар шоҳсупасининг учинчи поғонасидан жой олди.

Турнирда турли наминациялар бўйича ҳам ўз маҳоратини кўрсатган ходимлар муносиб тақдирланди. Жумладан, ўзининг чиройли ўйинлари билан ажралиб турган вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Исломжон Тўраев “Энг яхши футболчи”, Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири Ботиржон Бозоров “Энг яхши ҳимоячи”, Чуст тумани прокурорининг ёрдамчиси Азизбек Абдуллаев “Энг яхши ҳужумчи”, вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Жаҳонгир Турсунов “Энг яхши дарвозабон” ва вилоят судининг судьяси Давлатмирза Комилов “Энг яхши мураббий” номинациялари бўйича ғолибликка муносиб кўрилди.

Тантанали тақдирлаш маросимида мусобақанинг ғолиб жамоалари ҳамда энг фаол иштирокчиларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири