Вилоят сайлов комиссиясида брифинг
Сайловларда овоз бериш учун 917 та участка сайлов комиссиялари ташкил этилган. Ҳар бир сайлов участкаларида сайловчиларнинг эркин овоз беришлари учун барча шароитлар яратилган.
Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси халқаро матбуот марказининг маълумотига кўра, жорий йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловларда иштирок этиш учун Қашқадарё вилоятидан 1 миллион 799 минг 740 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 174 минг 536 нафари сайловда биринчи марта қатнашадиган ёшлардир.
Сайлов кодексига мувофиқ воҳада вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси ташкил этилди, уларнинг таркиби шакллантирилиб, матбуотда эълон қилинди. 5 та сиёсий партиядан Парламент қуйи палатаси депутатлиги учун 70 нафар, маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун 2382, жами 2452 нафар номзод рўйхатга олинди.
Сайловларда овоз бериш учун 917 та участка сайлов комиссиялари ташкил этилган. Ҳар бир сайлов участкаларида сайловчиларнинг эркин овоз беришлари учун барча шароитлар яратилган.

12 декабрдан 18 декабргача вилоятдаги барча сайлов участкалари сайловчиларнинг мурожаатларига асосан муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилди. Унда жами 6719 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Жорий йилнинг 20 сентябридан ҳозирги вақтга қадар бир қатор корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда 4 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Босма оммавий ахборот воситалари орқали 172, телевидение ва радио орқали 190 та тарғибот материали тарқатилди. 110 та ижтимоий ролик эфирга узатилди. Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан жойларда мингдан ортиқ ноанъанавий тадбирлар ташкил қилиниб, уларда иштирокчиларга сайлов қонунчилиги бўйича тушунчалар бериб борилди.
Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад – бўлажак сайловларни кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.