Вилоят ҳокими Термиз шаҳрида велосипедда ҳаракатланмоқда
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, бошқа масъуллар ишга велосипедда қатнай бошлади. Иш вақти тугагач, уйга ҳам велосипедда қайтмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ йўлга қўйилган мазкур ташаббус, аввало, атмосфера ҳавоси мусаффолигини асраб, автомобиллардан фойдаланишни камайтиришга, аҳолининг экологик масъулиятини ошириб, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Мазкур ҳужжатда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, транспорт тизимини экологик жиҳатдан такомиллаштириш ва аҳолининг экологик масъулиятини ошириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган. Шунга кўра, 2026 йил 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25-санасида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида 1 октябрдан мамлакатимизда “Тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги”ни ўтказиш белгиланган. Ойликда ҳудудларнинг ободонлиги ва тозалигини таъминлаб, яшил майдонларни кенгайтириш ва маҳаллаларнинг экологик ташаббуслардаги иштирокини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ойлик арафасида Термиз шаҳрида қанот ёзган ташаббус фармонда белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилган ҳаракат бошланганини намойиш этди. Вилоят ҳокими барча даражадаги раҳбарларни ишга келиш, қайтиш ва шаҳар ичида ҳаракатланишда имкон қадар велосипеддан фойдаланишни тавсия этди. Аслида велосипед ҳайдаш атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириб, зарарли газ чиқармайди. Ёқилғи тежалади. Шунингдек, инсоннинг жисмоний фаоллигини ошириб, соғлиғини мустаҳкамлаш ва фаол ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади. Шифокорларнинг айтишича, мунтазам велосипед ҳайдаш инсоннинг юрак-қон томир ҳамда нафас олиш тизимини, қорин, бел ва оёқ мушакларини мустаҳкамлайди. Вазн назорати ва моддалар алмашинувини яхшилайди.
Айни пайтда жанубда “Тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги”ни юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири